“Россия ўзини ўзи хўрлаяпти”. Кулеба Макронга жавоб қайтарди

Олам 9686
image

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Франция Президенти Эммануэль Макроннинг “Россияни камситмаслик керак” деган чақириғига жавоб қайтарди. Баёнот Кулебанинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинди.

“Россияни камситишдан қочишга чақириқлар Францияни ва шундай чақириқларни амалга оширган бошқа ҳар қандай давлатни камситиши мумкин. Россия ўзини ўзи хўрлаяпти. Шундай экан, биз барчамиз эътиборимизни қандай қилиб Россияни “ўз ўрнига қўйишга” қаратганимиз маъқул. Бу тинчлик олиб келади ва ҳаётларни сақлаб қолади”, деб ёзган Дмитрий Кулеба.

Франция Президенти Эммануэль Макрон “Ouest France” газетасига берган интервьюсида Россияни “хўрлаб” бўлмаслигини, чунки у билан ҳамкорликни тиклаш керак бўладиган кун келишини айтган эди.

“Жанговар ҳаракатлар тўхтаган куни дипломатия ёрдамида чиқиш йўлини топишимиз учун Россияни камситиб бўлмайди”, деган Макрон.

Франция раҳбари Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказганини яширмаслигини ва Украина раҳбари Владимир Зеленский илтимосига кўра, у билан алоқани давом эттиришини қўшимча қилган.

Дарҳақиқат қайд этиш керакки, Макрон Россиянинг Украинага ҳужуми бошлангач, Путин билан энг кўп мулоқот қилган давлат раҳбари бўлди. У жанговар ҳаракатлар авжига чиққан паллада Ғарб ва Москва ўртасида мулоқотни олиб борди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 5
Рейтинг: 3
t
×