Россия урушга Арманистон, Қозоғистон ва Тожикистонни ҳам қўшиши мумкин – Украина разведкаси

Олам 10259
image

Россия Украинадаги жанговар ҳаракатларга 350 минггача ҳарбий хизматчини жалб қилиши мумкин. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий Украина ҳарбий телевидениеси эфирида маълум қилди. 

“Россия армиясида кўплаб бўлинмалар Россия Федерацияси ҳудудида ҳам, чет элда ҳам объектларни ҳимоя қилиш ва қўриқлашни амалга оширади. Бундан ташқари, Россия Сурияда кучли контингентга эга. Россия собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида кенг ҳарбий базалар тармоғига эга – бу Арманистон, Тожикистон, Тоғли Қорабоғдаги ва Қозоғистондаги контингент. Агар сиз ҳаммасини жамласангиз, Россия Украинага қарши урушда фойдаланиши мумкин бўлган 300-350 мингни ҳарбийни кўрасиз”, дейди Украина ҳарбий разведкаси вакили. 

Унинг қайд этишича, Россия қуролли кучларида кадрлар етишмаслиги урушнинг дастлабки кунлариданоқ босқинчилар кўрсатган кўплаб талофатлардан сўнг яққол намоён бўлди. 

Скибицкийнинг сўзларига кўра, март-апрель ойларида Россия раҳбарияти жанговар ҳаракатларда фақат Россия Федерацияси қуролли кучлари билан тегишли шартномалар имзолаган ҳарбий хизматчилардан фойдаланишга қарор қилган. Босқинчилар орасида ўлган ва яраланган ҳарбий хизматчилар сони сезиларли даражада ошганида, Россия Федерациясида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузмоқчи бўлганлар камроқ эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 3
t
×