Россия Украинанинг яна бир шаҳрини эгаллади

Олам 22862
image
-

Россия ва тан олинмаган Луганск халқ республикаси кучлари Украинанинг Донецк вилоятидаги Северск шаҳрини ўз назоратига олди. Бу ҳақда ЛХРнинг ички ишлар вазири ёрдамчиси Виталий Киселёв маълум қилди.

“Иттифоқчи кучлар аллақачон Северск шаҳрига кирди, айтишим мумкинки, шаҳар бизнинг оператив назоратимиз остида. Ҳозирда Украина харбийларини шаҳардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Яқин вақт ичида Северск шаҳри бутунлай Иттифоқчи кучлар назорати остига ўтади”, дейди Киселёв.

Бундан аввал, кеча, 13 июль куни Украинанинг Донецк вилояти шимолидаги Украин ҳарбийларининг позицияларига Россия бошлиқ ДХР ва ЛХР кучлари томонидан тўрт йўналишда ҳужум бошлагани ҳақида ОАВлар бонг урганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 июль куни тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари кучлари Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан биргаликда Украина худудидаги Владимировка ва Триполье шаҳарларини эгаллагани эълон қилинганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Абдулвоҳид Ёқубов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3.1
t
×