Россия Украинанинг қатор вилоятларига ракета ҳужуми уюштирди

Олам

image

Россия ҳарбийлари бугун, 28 июль куни тонгда Киев вилоятининг Вишгород туманидаги жамоатлардан бирига ракета билан зарба берди. Бу ҳақда вилоят Ҳарбий маъмурияти раҳбари Алексей Кулеба маълум қилди.

Унга кўра, инфратузилма объекти ўққа тутилган.

“Жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда. Барча фавқулодда хизматлар аллақачон [воқеа] жойида ишламоқда. Яна бир бор сизни сигналларни эътиборсиз қолдирмасликка чақираман, бошпанага яширининг. Уруш давом этмоқда, душман маккорона ракета зарбаларини беришда давом этмоқда”, деган Кулеба.

Украина матбуоти Николаев ва Харьковга анъанавий тус олаётган кечки ёки тонгги ракета зарбалари ҳақида ҳам маълумот берган. Николаев мэри Александр Сенкевич эрталаб соат 4:00 да кучли портлашлар ҳақида хабар берган, Харьков мэри Игорь Терехов бир кечада иккита ўқ узилгани ҳақида ёзган.

“Иккаласи ҳам ярим тундан кейин. Бири марказга яқинроқ, иккинчиси қўшни ҳудудлардан бирида. Яна С-300 ракеталари. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ”, деган Терехов.

Шунингдек, Черниговга ҳам ҳужум уюштирилгани айтилмоқда.

“Эрталаб соат 5:00 дан кейин Беларусь ҳудудидан ракеталар учирилди. Гончаровский яқинига ракета тушгани ҳақида дастлабки маълумотлар бор. Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳам ишламоқда. Огоҳ бўлинг”, деб ёзган Ҳарбий маъмурият раҳбари Вячеслав Чаус.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг