Россия Украина ерларини эгаллаш бўйича режаларини кенгайтириши мумкин – ТИВ
Олам
−
13 Август 2022
7837Украинага узоқ масофага учувчи қуролларни етказиб бериш Россия операциясининг географик мақсадлари янада кенгайишига олиб келади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Америка департаменти директори Александр Дарчиев айтиб ўтган.
Дипломатга кўра, Москва Россия, тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек Украинанинг “озод қилинган ҳудудлар”ига тўғридан-тўғри хавф туғдирувчи қуроллар ишлатилишига йўл қўймаслиги керак.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари Украинадаги Херсон ва Запорожье вилоятларининг катта қисми, жумладан, минтақада жойлашган Запорожье атом электр станциясини назорат қилади.
“Киевга Ғарб қуролларининг оммавий етказиб берилишининг махсус ҳарбий операцияга таъсири ҳамда вақти билан боғлиқлигига келсак, [Ташқи ишлар вазири] Сергей Лавров бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берган”, дея қўшимча қилган Дарчиев.
Айтиш жоизки, Лавров июль ойи ўрталарида Россия операциясининг географик мақсадлари қаторига эндиликда Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳамда Украинанинг бир қатор бошқа ҳудудлари ҳам киришини айтганди.
Вазирнинг сўзларига кўра, уларнинг янада кенгайиши Ғарб давлатлари томонидан Киевга “кўпроқ ва узоқ масофага учувчи қуроллар” етказиб берилишига боғлиқ бўлади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Европа мамлакатлари аллақачон Россия нефтини етказиб беришни алмаштиришни бошлаган. Мисол учун, май ойининг охирида Бирлашган Араб Амирликлари икки йиллик танаффусдан сўнг Европага нефть етказиб беришни тиклади.
LiveБарчаси