Россия-Украина уруши: ДХР Павловск ва Пишевикни эгаллаганини эълон қилди
Олам
−
26 Февраль 2022
43304Украина шарқидаги, россияпараст сепаратистлар тузган, тан олинмаган Донецк халқ республикаси (ДХР) Халқ милицияси бўлинмалари Донбассдаги Павловск ва Пишевик аҳоли пунктларини назорат остига олган. Бу ҳақда республика Халқ милицияси раҳбари ўринбосари Эдуард Басурин маълум қилди.
“Мариупол йўналиши бўйича Халқ милицияси бўлинмалари Павловск ва Пишевик аҳоли пунктлари ҳамда уларга туташ ҳудудлар ва йўлларни назорат остига олди”, деган у.
Бундан ташқари, Басуриннинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучлари денгиз батальони ҳарбий хизматчилари Гнутово ва Талаковка аҳоли пунктлари ҳудудларида ўз позицияларини тарк этган.
“ДХР Халқ милицияси бўлинмалари Украина Қуролли Кучлари томонидан йўлда фаол қаршиликка дуч келмасдан, душман мудофаасига чуқур кириб боришда давом этмоқда. Волноваха яқинидаги Трудовское қишлоғи ҳозиргина ДХР назоратига ўтди”, деган Басурин.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Киевда Россия кучларига қарши жанглар давом этмоқда. Украин ҳарбийлари рус разведкачи-десантчиларини шаҳардан сиқиб чиқармоқда.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь