Россия нима учун БМТ суд мажлисида иштирок этмади?

Олам

image

Россия кеча, 8 март куни бўлиб ўтган БМТнинг Гаагадаги Халқаро суди мажлисида Украина даъвосининг бамаънилиги ва Москвада жавоб позициясини шакллантиришга вақт йўқлиги сабаб иштирок этмади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.

“8 март куни Гаагадаги Халқаро судда Украинанинг бизнинг мамлакатимизга қарши, бу сафар “Геноцид жиноятларининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги 1948 йилдаги конвенцияга мувофиқ, яна бир ғайритабиий даъво доирасида вақтинчалик чоралар кўриш ҳақидаги илтимоси бўйича тингловлар бўлиб ўтди. Шу экзотик йўл билан Киев Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси билан боғлиқ ўз даъволарини суд юрисдикцияси остига қўйишга ҳаракат қилмоқда. Россия жавоб позициясини шакллантириш, шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу суд мажлисида иштирок этишдан бош тортишга қарор қилди”, дейди вазирлик вакили.

Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг Нидерландиядаги элчихонаси судга Россиянинг Киев иддаоларининг тўлиқ ҳуқуқий барбод бўлгани ва бу ишни суд рўйхатидан олиб ташлаш зарурати бўйича позицияси баён этилган хат юборган.

“Ўтган тингловлар Киевнинг бемаъни ёлғонлардан воз кечиш ниятида эмаслигини кўрсатди. Яна бир бор очиқ-ойдин сохта маълумотлар, Украинага таниш бўлиб қолган манипуляциялар, ҳамма нарсада Россияни айблаш, яна бир бор оқни қора, қорани оқ деб ҳисоблаш учун ишга солинди”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Суди Украинанинг Россияга қарши даъвосини кўриб чиқишни бошлаган. Даъво мавзуси – Россия томони Украинага қарши бир неча бор қўзғатган геноцид айбловлари. Халқаро судда иштирок этган Украина вакили Антон Кориневичга кўра, Геноцидни уюштираётган Украина эмас, балки Россия. Унинг раҳбарияти ва ҳарбий хизматчилари Украина ҳудудида инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг