Россия Навальнийнинг заҳарланиши бўйича жавобгар – БМТ
Олам
−
02 Март 2021
6266БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари Россия ҳукуматини мухолифат раҳбари Алексей Навальнийга суиқасд қилишга уринишда айбламоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмий веб-сайтида маълум қилинган.
Қайд этилишича, ҳужжатни судсиз, қисқача ёки ўзбошимчалик билан қатл этиш масалалари бўйича махсус маърузачи Аньес Калламар ҳамда фикр ва сўз эркинлигини тарғиб ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачи Ирен Хан тайёрлаган.
Уларнинг фикрига кўра, мухолифатни ўлдиришга уриниш ҳукумат танқидчиларига мамлакат ичида ва чет элдаги ҳужумлардан бири бўлиб, унинг мақсади Россия ҳукуматини танқид қилган ва унга қарши бўлган ҳар қандай кишига “даҳшатли огоҳлантириш” юбориш эди.
“Биз Навальнийни заҳарлашга уриниш учун Россия жавобгар деган хулосага келдик. Россия маъмуриятининг етарли бўлмаган жавоби, тақиқланган кимёвий қуроллардан фойдаланиш ва аниқ бир қатор мақсадли суиқасдларни ҳисобга олган ҳолда фактларни аниқлаш ва Навальний заҳарланишининг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш учун шошилинч халқаро текширув ўтказиш зарур деб ҳисоблаймиз”, дейилади БМТ экспертлари баёнотида.
Шунингдек, БМТ мутахассислари ўтган йилнинг декабрида Россия ҳукуматига юборилган хатни эълон қилишди. Хатда тергов жараёнлари тасвирланган ва заҳарланиш билан боғлиқ масалалар бўйича маълумот сўралган. Махсус маърузачилар уларга жавоб олмаганини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний 2020 йилнинг август ойида Томск шаҳридан самолётда учишда хушидан кетиб, кома ҳолатига тушди. Шундан сўнг, Россия Президенти Владимир Путиннинг рухсати билан Германияга махсус самолётда олиб кетилди.
Маълум қилинишича, Навальний "Новичок" кимёвий-қуроли билан заҳарланган. Ярим йилдан ортиқ вақт давомида Берлиндаги “Шарите” клиникасида даволаниб, жорий йилнинг январь ойида Ватани – Россияга қайтди ва ҳибсга олинди.
Шундан сўнг унинг устидан икки маротаба суд жараёни ўтказилди. Натижада у 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь