Россия Марказий банки асосий ставкани рекорд даражага оширди
Олам
−
28 Февраль 2022
13380Россия банки директорлар кенгаши бугун, 28 февралдан асосий ставкани 10,5 фоиз пунктига, йиллик 20 фоизга оширишга қарор қилди. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
“Бу молиявий ва нарх барқарорлигини қўллаб-қувватлаши ҳамда фуқароларнинг жамғармаларини қадрсизланишдан ҳимоя қилиши керак. Россия банки директорлар кенгаши 2022 йил 28 февралдан бошлаб асосий ставкани йиллик 20 фоизга оширишга қарор қилди. Россия иқтисодиёти учун ташқи шарт-шароитлар кескин ўзгарди. Асосий ставканинг ошиши ортиб бораётган девальвация ва инфляция хатарларини қоплаш учун зарур бўлган даражага депозит ставкаларини оширишни таъминлаш имконини беради. Бу молиявий ва нарх барқарорлигини сақлашга, фуқароларнинг жамғармаларини қадрсизланишдан ҳимоя қилишга ёрдам беради”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, асосий ставка бўйича кейинги қарорлар ташқи ва ички шароитлардан келиб чиқадиган хатарларни ҳамда молия бозорларининг уларга муносабатини баҳолаш, мақсадли кўрсаткичга нисбатан реал ва кутилаётган инфляция динамикасини, прогноз горизонтдаги иқтисодий ривожланишни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси