Россия мамлакатни тарк этган компанияларга босим ўтказмоқчи 

Олам

image

“Ягона Россия” партияси депутатлари Давлат Думасига мамлакат бозорини тарк этган хорижий компанияларнинг ташқи бошқаруви тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда бугун, 12 апрель куни партия Матбуот хизмати хабар берган.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасини тақдим этишдан асосий мақсад рус халқи манфаатини ҳимоя қилиш, иш ўринларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлашдир.

Партиянинг тушунтиришича, қонун Европа ва Қўшма Штатлардаги Россияга қарши кайфиятга асосланиб, ҳеч қандай иқтисодий сабабсиз мамлакат бозорини тарк этишга қарор қилган фаолияти иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган компанияларга таъсир қилади.

“Бундай компаниялар бўйича қарор бошқа вазирликлар ва вилоятлар раҳбарларининг таклифлари асосида Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги идоралараро комиссия томонидан қабул қилинади. Бошқарувни хорижлик мулкдорлардан ташқи бошқарувга ўтказиш фақат суд қарори билан белгиланади”, дейилади партия хабарда.

Шунингдек, қонун доирасида хорижий мулкдорлар Россия Федерациясида ишлашни давом эттириш ёки акциялар пакетини сотиб юбориш имкониятига эга бўлади. Шундай қилиб, компаниялар ўз бизнесини йўқотмайди, ходимлар эса келгусида иш билан таъминланиш кафолатига эга бўлади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made