Россия Киевга дронлар ва ракеталар билан зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
23 Июнь 4805 2 дақиқа
Бугун, 23 июнь тонгида Россия Федерацияси қўшинлари Украинанинг Киев шаҳрига ракета ва дронлар билан ҳужум уюштирди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда Украина Бош прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, соат 8:30 ҳолатига кўра, олти нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани маълум. Яна 16 киши, шу жумладан 15 ёшли қиз жароҳатланган. Киев мэри Виталий Кличко эса 19 нафар жабрланганлар ҳақида маълумот берди, улардан саккиз нафари шифохонага ётқизилган.
Ҳужум оқибатида Шевченко туманида жойлашган беш қаватли уйнинг кириш қисми бутунлай қулаб тушган. Воқеа жойида қутқарув ишлари давом этмоқда, вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин. Ёндош бинода портлаш тўлқини ойналарни синдирган, ёнида турган автомобиллар ёниб кетган.
Шунингдек, Святошино, Соломянка, Голосеево ва Дарница туманларида кўп квартирали ва якка тартибдаги уйлар, офис бинолари, овқатланиш муассасалари, савдо расталари ва автомобиллар зарар кўрган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматига кўра, Киев вилоятида ҳам бир нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна саккиз киши жароҳатланган. Ҳужум оқибатларини бартараф этиш чоғида икки нафар қутқарувчи жароҳат олган.
Киев вилоятининг Борисполь туманида ҳужум оқибатида икки хонадон ёниб кетган. Белоцерковский туманида бир нечта якка тартибдаги уйларга, кўп қаватли бинога зарар етган, шунингдек, тиббиёт муассасаси жойлашган меҳмонхона биноси вайрон бўлган. Буча туманида тўрт хонадон ва учта автомобиль шикастланган.
Херсон вилоятининг Берислав шаҳрида дронлар ҳужуми оқибатида бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Украина Қуролли кучлари маълумотига кўра, Россия 22 июндан Украина бўйлаб жами 368 та ҳаво ҳужум воситасини йўллаган. Улардан 352 таси дрон бўлиб, уларнинг ичида зарба берувчи “Шаҳед” туридаги ва имитация қилувчи учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, 11 та “Искандер-М/КН-23” баллистик ракетаси ва 5 та “Искандер-К” қанотли ракеталар бор. Асосий зарба йўналиши сифатида Киев танланган.
Украина ҳарбийлари 354 нишонни йўқ қилган: бешта қанотли ва еттита баллистик ракета ҳамда 146 дрон уриб туширилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 июнга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудудларига ракета ва учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилганди. Ўша куни тунда Россия Қуролли кучлари Украинага 272 та учувчисиз самолёт, шунингдек, “Кинжал”, “Калибр” ва “Искандер-К” ракеталарини учирган.
Live
Барчаси