Россия хорижга пул ўтказмаларига чеклов қўйди

Олам

image

Россия банки мамлакат молия бозоридан пул маблағларининг олиб чиқиб кетилишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор мамлакатлардан бўлган юридик ва жисмоний норезидент шахсларнинг ҳисоб рақамларидан четдаги ҳисоб рақамларига ўтказмаларни вақтинча чеклади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Россия молия бозоридан маблағларнинг олиб кетилишининг олдини олиш ва молиявий барқарорликни сақлаш мақсадида Россия банки норезидент юридик ва жисмоний шахсларнинг хориждаги ҳисоб рақамларига ўтказмаларни вақтинча тўхтатди. Бундан ташқари, норезидентлар учун ҳисобварақ очмасдан пул ўтказмалари ойига 5 000 АҚШ доллари ёки эквиваленти билан чекланди”, дейилади Марказий банк хабарида.

Ушбу чеклов Россия фуқароларига, шунингдек, МДҲ давлатларидан келган хорижий фуқароларнинг аксариятига тааллуқли эмас, деб таъкидлаган Марказий банк.

Россия Банки 2022 йил 1 мартдан 31 мартгача Россияга қарши санкциялар эълон қилган 43 давлатнинг норезидентларига мамлакатдан чет элга пул ўтказмаларини амалга оширишни тақиқлагани ҳақидаги хат 1 март куни регулятор томонидан кредит ташкилотларига юборилган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made