Россия “Белгород”, “Брянск” ва “Курск” қўшин гуруҳларини ташкил қилди
Олам
−
21 Август
7868Россия “Белгород”, “Брянск” ва “Курск” қўшин гуруҳлари ташкил этилганини эълон қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов кеча, 20 август куни Чегара ҳудудларининг ҳарбий хавфсизлиги бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу гуруҳлар қўмондонлари ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби вакили фуқаролар ва ҳудудларни учувчисиз учиш аппаратлари ва бошқа ҳужум воситаларининг ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун жавобгар бўлади. Бу гуруҳларга ким раҳбарлик қилиши айтилмаган.
Янги гуруҳлар ишига Мудофаа вазирлиги раҳбари ўринбосари Юнус-Бек Евкуров раҳбарлик қилади. Янги гуруҳлар “чегарани қоплайдиган гуруҳлар” ёки “қўшин гуруҳлари” деб номланган.
Бунгача Украинага бостириб киришда иштирок этаётган Бирлашган кучлар гуруҳи 6 та гуруҳни ўз ичига олган: “Марказ”, “Ғарбий”, “Жанубий”, “Шарқ”, “Днепр” ва “Шимол”.
Бугунги кунга қадар тузилган охирги гуруҳ “Шимол” гуруҳи эди. Бу ҳақда биринчи марта Россия Мудофаа вазирлигининг 2024 йил 14 апрелдаги ҳисоботида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Курскка қилинган ҳужумлар оқибатида 17 киши ҳалок бўлгани айтилганди. Шунингдек, Россия Украинанинг Нью-Йорк қишлоғини эгаллаб олгани хабар қилинганди.