Россия Украинанинг Нью-Йорк қишлоғини эгаллаб олди
Олам
−
20 Август
11838Россия қўшинлари Украинанинг Донецк вилоятидаги Нью-Йорк қишлоғини эгаллаб олди. Бу ҳақда бугун, 20 август куни Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
“Марказий кучлар гуруҳи бўлинмаларининг фаол ҳаракатлари натижасида Украина Қуролли кучларининг катта гуруҳи мағлубиятга учради ва Торецк агломерациясидаги энг йирик аҳоли пунктларидан бири ва стратегик муҳим логистика маркази қўлга олинди”, дейилган вазирлик баёнотида.
Ўз навбатида, қишлоқдаги Украина Қуролли кучларига қаршилик кўрсатадиган кам сонли марказлардан бири Дзержинский фенол заводи бўлиб қолмоқда. Нью-Йорк қишлоғининг россияликлар томонидан босиб олиниши ҳақидаги маълумотларнинг мустақил тасдиғи йўқ. Украина Мудофаа вазирлигига яқин бўлган OSINT лойиҳаси 20 августга ўтар кечаси Нью-Йорк учун оғир жанглар давом этаётгани ҳақида хабар берди. DeepState харитасида қишлоқнинг шимолидаги кичик жойлар кулранг зонада қолмоқда.
Владимир Зеленский вазиятни “мураккаб” деб атади.
“Украинская правда” нашрининг ёзишича, Украина Қуролли кучлари қишлоқнинг бир қисмини назорат қилишда давом этмоқда, Россия кучлари эса Нью-Йоркнинг бир қисмини босиб олгач, кейинги қишлоқ – Нелиповка томон ҳаракатланишда давом этган.
“Биз 20 фоизга яқин мудофаани назорат қиламиз, кўп миқдорда захиралар бўлса, олдинга силжий оламиз. Афсуски, бизда бундай захиралар йўқ”, деган Украина Қуролли кучларидаги шахслардан бири.
Нашрнинг яна бир суҳбатдоши захиранинг етишмаслигидан ташқари, кадрлар билан боғлиқ муайян муаммолар ҳам борлигини айтади. Унинг сўзларига кўра, Нью-Йорк ва қўшни Торецк йўналишида ҳарбийларнинг тушкунлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Президент Владимир Зеленский эса фронтнинг бу қисмида вазият мураккаблигича қолаётганини айтди. Нью-Йорк қишлоғи Донецк вилоятининг Бахмут туманида, Торецкдан шимоли-ғарбда жойлашган. Россия қўшинлари бу ерга 2024 йилнинг ёзида ҳужум бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Зеленский Украинанинг хорижий дипломатик муассасалари раҳбарлари билан учрашувда мамлакат Қуролли кучлари Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги 1250 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд ва 92 аҳоли пунктини назорат қилаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси