Россия атайлаб Украинадаги тинч аҳолини дронлар билан нишонга олмоқда – БМТ

Олам

image
Россия қирувчи самолётлари Эстония чегарасини бузиб ўтди north_east

Россия қирувчи самолётлари Эстония чегарасини бузиб ўтди

Россия қўшинлари Херсон, Днепропетровск ва Николаев вилоятларида тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаларига мунтазам равишда ҳужум қилмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугун, 22 сентябрь куни баёнот берди.

Ташкилотнинг Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссияси фронтга яқин ҳудудларда қисқа масофали дронлардан фойдаланган ҳолда тинч аҳолига ҳужумлар авж олганидан хавотирдалигини билдирди.

“Далиллар аҳоли пунктларига зарбалар Украина ҳукумати назорати остида бўлган Днепр дарёсининг ўнг қирғоғидан 300 километрдан ортиқ масофада содир бўлганини тасдиқлайди”, деган комиссия раиси Эрика Мёсе.

Жорий йилнинг май ойида комиссия Россия Қуролли кучлари томонидан Херсон вилоятида тинч аҳолига нисбатан қисқа масофага учувчи учувчисиз самолётлар ёрдамида “кенг кўламли ва тизимли” ҳужумларни ҳужжатлаштирган эди.

“Биз бу ҳаракатлар келишилган давлат сиёсатига мувофиқ амалга оширилган ва қотиллик кўринишидаги инсониятга қарши жиноятлар, шунингдек, тинч аҳолига ҳужум қилиш кўринишидаги ҳарбий жиноятларни ташкил этади деган хулосага келдик”, дейилади баёнотда.

Комиссия маълумотларига кўра, худди шундай зарбалар Днепропетровск ва Николаев вилоятларида ҳам ўтказилган.

Баёнотда таъкидланишича, Россия Қуролли кучлари ушбу ҳужумларни Днепрнинг чап қирғоғидаги позицияларидан кузатув ва реал вақт режимида нишонни кузатиш тизимлари билан жиҳозланган дронлар ёрдамида амалга оширмоқда. Россия Қуролли кучлари тинч аҳолига ҳужум қилишдан ташқари, фуқаролик объектлари, муҳим инфратузилма ва бошқа биноларга зарба бергани хабар қилинган. Шунингдек, тез ёрдам машиналари ҳам нишонга олиниб, қутқарувчиларнинг ўз ишларини бажаришига тўсқинлик қилинмоқда.

“Дрон ҳужумларининг ҳолатлари уларни амалга оширганларнинг ўлдириш, зарар етказиш ва йўқ қилиш ниятидан далолат беради”, деди Мёсе.

Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссия БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан 2022 йилнинг мартида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан бир ҳафта ўтиб тузилган. Россия армияси деярли ҳар куни Украинанинг турли ҳудудларига ҳаво ҳужумлари уюштирмоқда. Кўпинча нишонлар ҳарбий характерга эга эмас. Масалан, Херсон вилоятидаги Берислав шаҳри Россия дронларининг мисли кўрилмаган кўп зарбаларига учраган, оқибатда юздан ортиқ тинч аҳоли яраланган ёки ҳалок бўлган.

Ўтган йилнинг кузидан бери рус дронлари Херсондан 76 километр узоқликдаги Каховка сув омбори қирғоғида жойлашган кичик минтақавий марказ Бериславни вайрон қилмоқда. 2023 йилнинг сентябридан 2024 йилнинг июлигача маҳаллий маъмурият 100 дан ортиқ ҳужумлар содир этилгани, оқибатда 130 киши жароҳатлангани ва 16 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина БМТ Херсон Днепропетровск Николаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг