Романо “Реал” бош мураббийи лавозимига муносиб номзодни эълон қилди
Спорт
−
13 Январь 2069 2 дақиқа
“Ливерпуль” клубининг собиқ бош мураббийи Юрген Клопп “Реал Мадрид” бош мураббийи лавозими учун муносиб номзод сифатида қаралмоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, Клопп “Реал Мадрид” раҳбарияти орасида катта ҳурматга эга. Айниқса, клуб президенти Флорентино Перес германиялик мутахассисни юқори баҳолайди ва уни Мадридга олиб келиш ғоясини доим қўллаб-қувватлаб келгани таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, Перес Зинедин Зиданни ҳам юқори қадрлаши маълум қилинган. Бироқ франциялик мутахассис 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан сўнг Франция миллий терма жамоасини бошқаришга рози бўлгани сабабли, айни пайтда “Реал Мадрид” қайтмаслиги айтилмоқда.
Маълумот учун, Юрген Клопп 2025 йил 1 январидан бери тўртта клубдан иборат Red Bull футбол дивизионида футбол операциялари бўйича раҳбар лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни “Реал Мадрид” Хаби Алонсо истеъфога чиққанини ҳамда унинг ўрнига Альваро Арбелоа бош мураббий этиб тайинланганини расман эълон қилган эди. Хаби Алонсо жамоани 2025 йил ёзидан буён бошқариб келган. Унинг раҳбарлигида “қироллик клуби” барча мусобақаларда 34 та учрашув ўтказиб, 24 тасида ғалаба қозонган, 4 та ўйинни дуранг билан якунлаган ва 6 та баҳсда мағлуб бўлган.