Хаби Алонсо “Реал” бош мураббийлигидан кетди

Спорт

image

Бугун, 12 январь куни Хаби Алонсо Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи лавозимини томонларнинг ўзаро келишуви асосида тарк этди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида маълум қилинди.

44 ёшли мутахассис жамоани жорий мавсум олдидан қабул қилиб олганди. Кеча, 11 январь куни “Реал” Испания Суперкубоги финалида “Барселона”га 3:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

“Хаби Алонсо “Реал” мухлислари орасида доимо меҳр ва ҳурматга сазовор бўлиб қолади, чунки у клуб афсонаси ва ҳар доим бизнинг қадриятларимизни муносиб ифодалаб келган. “Реал” ҳар доим унинг уйи бўлиб қолади.

Клуб Алонсо ва унинг бутун мураббийлар штабига ушбу даврдаги меҳнати ва фидойилиги учун миннатдорлик билдиради ҳамда ҳаётининг янги босқичида омад тилайди”, дейилади баёнотда.

“Реал”нинг янги бош мураббийи этиб аввал иккинчи жамоа билан ишлаган Альваро Арбелоа тайинланди. “Реал” навбатдаги учрашувини Испания Кубоги доирасида жорий йилнинг 14 январь куни “Албасете”га қарши ўтказади.

Маълумот учун, ҳозирда “Реал” Испания чемпионати турнир жадвалида 45 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Чемпионлар лигасининг умумий босқичида эса мадридликлар еттинчи поғонани эгаллаб турибди. Хаби Алонсо “Реал”га келгунига қадар Леверкузеннинг “Байер” клубини бошқарган. У ушбу жамоа билан Германия чемпиони бўлган, шунингдек мамлакат Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. Шунингдек, у “Реал Соседад”нинг захира жамоасида ҳам бош мураббий сифатида ишлаган. Хаби Алонсо футболчи сифатида “Реал” сафида Испания чемпионати, Чемпионлар лигаси, икки марта Испания Кубоги ва бир марта Испания Суперкубогини қўлга киритган


Мақола муаллифи

Теглар

Реал Хаби Алонсо Альваро Арбелоа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг