“Роддом”да вафот этган эгизаклар ўлими сабаби айтилди
3-саҳифа
−
04 Август 2023
12191Аввалроқ Тошкентдаги туғуруқхонада эгизак чақалоқлар вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 26 ёшли Д.Ш. (аёл) эгизак ҳомиладорликнинг оғир асоратли кечиши туфайли пойтахтимиздаги 6-сонли туғуруқ комплексига жорий йилнинг 4-11 апрель, 29 май-5 июнь ва 13-17 июнь кунлари, уч маротаба ётқизилган ва ҳомиланинг сурункали тушиш хавфи билан даволанган.
Аёлда ҳомилани сақлаш бўйича олиб борилган стационар ва амбулатор муолажаларга қарамай, 22 июнь куни тўртинчи маротаба тез тиббий ёрдам хизмати автомашинаси орқали ушбу туғуруқ муассасасига шошилинч равишда олиб келинган.
Унга 1-ҳомиладорлик, эгизак, эрта туғуруқнинг бошланиши, ҳомила ички инфекцияси ва кам сувлик ташхислари қўйилган. 22 июнь куни соат 21:45 да аёлда эрта туғуруқ кузатилган. Асоратли туғуруқ белгилари билан оғир даражадаги чалалик, чуқур асфиксия, суст юрак уриши билан 660 грамм оғирлик, 33 сантиметр узунликдаги қиз жинсли чақалоқ туғилган. Бироқ шифокорлар томонидан ўз вақтида олиб борилган юрак-ўпка реанимацияси муолажалари самара бермаган.
Иккинчи қиз жинсли ўлик чақалоқ 15 дақиқадан сўнг асоратли туғуруқ белгилари билан оғир даражадаги чалалик, ўлик ҳомиланинг бачадонда кўндаланг жойлашуви, 560 грамм оғирлик, 31 сантиметр узунлик кўрсаткичлари билан туғилган. Шундан сўнг, йўлдош гистология текширувига юборилган.
Шунингдек, Д.Ш.нинг қариндошлари томонидан ёзма равишда имзоланган тилхатда тиббиёт ходимларига эътирози йўқлиги ва патанатомик текширувга қаршилиги тўғрисидаги қатъий талаби туфайли ўта кам вазнли (660,0 ва 560,0 гр) чақалоқларни ушбу текширувдан ўтказиш имкони бўлмаган. Аёл 2023 йил 23 июнь куни қониқарли аҳволда шифохонадан чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни Навоий вилояти Хатирчи туманидаги тиббиёт бирлашмасида аёл туғуруқдан сўнг вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ҳозирда ҳолат юзасидан Хатирчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь