Тошкент осмонида сунъий ёмғир ёғдирилиши мумкин. Инсон табиатни бошқара оладими?

Таҳлил

image

Энди мусаффо осмони билан ҳам мақтана олмайдиган Тошкентнинг бугун тепасида заҳарли кулранг парда, димоғида бир уюм чанг. Бу муаммони ҳал этиш учун расмийлар томонидан сунъий ёмғир ёғдириш усули ҳам таклиф қилинмоқда. Хўш сунъий ёмғир ёғдириш ўзи нима, жараён қандай амалга оширилади, унинг қандай фойда ва зарарлари бор?

Булут экиш технологияси

Марказий Осиё нафақат геосиёсий муҳим минтақа, балки географик жиҳатдан анча баҳсли ҳам ҳисобланади. Минтақа марказидаги Ўзбекистон табиий жиҳатдан қуруқ ва ярим қуруқ иқлим ҳудудида жойлашган. Дунёда ҳеч бир давлат Ўзбекистон каби денгиздан узоқ жойлашган  эмас. Дарё ва кўлларнинг сони ҳам у қадар кўп эмаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, минтақа учун ёмғир ва қорнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Аммо йил сайин ёғингарчилик миқдори ҳам камайиб бормоқда. Шу туфайли сунъий ёмғир ёғдириш масаласи кун тартибига чиқмоқда.

Сунъий ёмғир ёғдириш “булут экиш” усули билан атмосфера сув ресурсларини бошқариш орқали ёғингарчиликни кўпайтириш, дўлни камайтириш ва умумий метеорологик хавфларни назорат қилишни англатади. Келинг, бу жараённи босқичма-босқич ўрганиб чиқамиз.

Авваламбор, ёмғирдаги энг асосий омил бўлган булут нима ва у қандай тузилганини тушуниб олиш лозим. Метеорологияда булут – бу сайёра устида йиғилган суюқ томчилар, муз кристаллари ёки бошқа зарраларнинг кўринадиган массаси ҳисобланади. Яъни булутда табиий равишда сув томчилари йиғилган бўлади. Булутлар кўпинча илиқ, нам ҳавонинг юқорига кўтарилиши натижасида ҳосил бўлади. Бу кўтарилувчи ҳаво оқими булут ичида юқорига қараб ҳаракатланади. Унинг ичидаги майда сув томчилари жуда енгил бўлгани сабаб кўтарилувчи ҳаво оқими бу майда томчиларни пастга тортадиган гравитациядан анча кучлироқ бўлади. Бундан ташқари, ҳавонинг қаршилиги ҳам булут таркибидаги енгил сув томчиларини ерга тушушига қаршилик қилади. Ёмғир ёғиши учун эса сув томчилари ёки муз кристаллари ерга тушиб кета оладиган даражада оғирлашиши керак. Аммо Тошкентда бу галги куз нисабатан анча қуруқ ўтмоқда ва юқори атмосфера босимининг ҳукмронлиги ва намлик манбаларидан келаётган ёғингарчиликка бой ҳаво фронтларининг фаоллигининг пасайиши натижасида  бу ҳолат куз охиригача давом этиши прогноз қилинган.

Булут экиш – бу об-ҳавони ўзгартириш шакли бўлиб, бундан мавжуд булутларга сунъий моддаларни киритиш орқали ёғингарчилик миқдорини ошириш кўзланади. Бунда юқоридан Кумуш ёдид (AgI), қуруқ муз ва гидроскопик тузлар каби моддалар атмосферадаги булутларга сепилади ва булут таркибидаги сув заррачаларини оғирлигини оширади.

Булут экиш нуқтаи назаридан қаралса, булутлар,асосан, уларнинг ички ҳарорати асосида “совуқ” ва “иссиқ” турларга бўлинади. Ушбу тасниф, уларга қандай усулда ва қайси кимёвий моддалар – агентлар ёрдамида таъсир ўтказишни белгилаб беради. Совуқ булутларда умумий ҳарорат 0 градусдан паст бўлса, иссиқлари бу кўрсаткичдан юқори бўлади ва совуқ булутлардан фарқли ўлароқ, улардаги сув томчилари муз эмас суюқ ҳолда бўлади.

Совуқ булутларда ёмғир кумуш ёдид ёрдамида ҳосил қилинади. Бунда кумуш ёдид жуда совуқ томчиларни муз ядроларига айлантиради ва муз кристаллари атрофдаги сув буғини йиғиб, тезда оғирлашади. Етарлича оғирлашган кристаллар ҳаво оқимини енгиб пастга туша бошлайди ва илиқроқ қатламларда эриб, ёмғирга айланади.

Иссиқ булутларда эса тузлар асосий агент ролини ўйнайди. Гидроскопик тузлар ҳавони ўзига тортади ва бошқа томчиларга қараганда анча катта бўлган томчиларни ҳосил қилади. Бу “катализатор томчилар” пастга тушиш мобайнида  йўлида бошқа майда томчилар билан тўқнашади ва бирлашади. Бир нечта сув томчилари йиғилиб оғирлашади ва ёмғир ҳосил қилади.

Бу агентларни атмосфера юзасига чиқариш одатда уч хил усулда амалга оширилади. Булар: самолётлар орқали, ердаги генераторлар ёрдамида, ракета ва снарядлар билан.

Самолёт  бу энг кенг тарқалган усул бўлиб, унинг ёрдамида катта қамровдаги булут экиш амалиётлари амалга оширилади. Бунда самолёт булутларнинг тепасига ёки ёғингарчилик ҳосил бўлиши энг самарали бўлган қисмига учиб киради. Самолёт қанотлари ёки фюзеляжига ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида кумуш ёдид эритмаси сепилади.

Ер генераторлари орқали сунъий ёмғир ёғдириш, асосан, тоғли ҳудудларда қўланилади, негаки бунда моддаларни атмосферага чиқариш воситаси  бу тоғ чўққилари каби баланд нуқталарга ўрнатилган генераторлардир. Улар кумуш ёдид эритмасини ёқади. Чиқаётган жуда майда AgI зарралари ҳаво оқими ва шамол ёрдамида юқори қатламларга ва булутларга кўтарилади.

Ракеталар ёки снарядлар воситасида сунъий ёмғир ҳосил қилиш усули асосан юқори баландликдаги булутларга тезда таъсир ўтказиш ёки дўлга қарши курашиш мақсадида ишлатилади. Ер сиртидан махсус ракеталар ёки зенит тўплар ёрдамида модда солинган снарядлар булут ичига отилади. Снаряд (ёки ракета) белгиланган баландликка етгач, портлайди ва экиш агентларини булутга тарқатади. Аммо бу усул юқори харажат талаб қилади ва шунинг учун ҳам доимий операциялар учун қулай эмас.

Табиатни бўйсундириш тарихи

Иккинчи жаҳон уруши нафақат дунёда сиёсий ёки иқтисодий тизимни ўзгартирган, балки илмий изланишлар соҳасига ҳам сезиларли таъсир қилди. Бир-биридан даҳшатли ўлим қуролларини яратиш жараёнида инсонлар кундалик ҳаётда фойдали бўлган инқилобий кашфиётлар қилгани ҳам  сир эмас. Шундай уруш мақсадларида фидокорона хизмат кўрсатган йирик компаниялардан бири General Electric эди.

Уруш даврида авиация учун энг катта хавфлардан бири бу булутлар ичидаги совуқ сув томчилари туфайли самолёт қанотларининг музлаши эди. General Electric музланишнинг олдини олиш йўлларини ўрганиш устида ишлаган компаниялардан эди. Урушдан кейин GE лабораториясида Нобель мукофоти совриндори Ирвинг Лангмюр ва унинг тадқиқот гуруҳи ушбу муаммо устида ишлашни давом эттирди. 1946 йил июль ойининг номаълум кунида Винсент Шефер музлашга қарши кураш бўйича тажрибалар ўтказаётганида, тасодифан лаборатория музлаткичи камерасидаги булут ичига қуруқ муз ташлаб юборади. Натижада сунъий равишда қор кристаллари ҳосил бўлади. 

Ўша йилнинг ноябрь ойида Шефер самолёт ёрдамида Массачусетс штатининг Питсфильд шаҳри яқинидаги булутга қуруқ музни сепиб, биринчи марта очиқ ҳавода муваффақиятли синов ўтказади ва булутдан қор ёғишига эришади. Инсоният тасаввурида табиантни жиловлаш мумкинлиги ҳақида қарашлар пайдо бўлади. Бу чинакам инқилобий кашфиёт эди.

Чет эл ва Ўзбекистон тажрибаси

Ер шарида ичишга яроқли чучук сув миқдори дунёдаги барча сувнинг атиги 1 фоизини ташкил қилиши ҳақидаги фактни кўпчилик эшитган бўлса керак. Дунёда сув ресурслари барча давлатларда ҳам бирдек етарли эмас. Амазон дарёсининг серкокил ирмоқларидан фойдаланган давлатлар учун сув доимий ўйлантирадиган муаммо эмас, аммо шундай давлатлар борки, уларда сувнинг баҳоси олтинда ўлчанади.

Шу туфайли сунъий ёмғир ёғдириш кўплаб давлатларнинг географик тақдирини четлаб ўтиш имконини берди. Хитой, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Австралия ва Россия каби давлатлар учун бу усул катта ер майдонларини табиий усулда суғориш, дўл муаммосини камайтириш ва гидроэнергетика соҳаларини ривожлантиришда асосий восита сифатида қўллаб келинади.

Энг катта булутли экиш тизими Хитой Халқ Республикасида бор. Хитой осмонга кумуш ёдидли ракеталар отиш орқали Пекин каби қурғоқчил ҳудудларда ёмғир миқдорини оширади. Цинҳуа университети тадқиқот қоғозига кўра, Хитой об-ҳаво маъмурияти 2021 йил 1 июлда осмон мусаффо бўлишини ва ҳавонинг ифлосланишини камайтириш учун об-ҳавони ўзгартиришдан фойдаланган. Ушбу ёғингарчилик PM2.5 ифлосланиши миқдорини нормада сақлашга ёрдам берган.

Бирлашган Араб Амирликлари олимлари ҳам ўта иссиқ иқлим туфайли мамлакатдаги сув таъминоти тақчиллигини тўлдириш учун булутли экиш технологиясидан фойдаланади. Улар мамлакат атмосферасини доимий равишда кузатиш учун об-ҳаво радарларидан фойдаланади. Синоптиклар ва олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, булутли экиш операциялари ёмғирни тоза атмосферада 30-35 фоизгача, намроқ атмосферада эса 10-15 фоизгача ошириши мумкин.

Ҳиндистонда 1983, 1984-87 ва 1993-94 йилларда қаттиқ қурғоқчилик туфайли Тамил Наду ҳукумати томонидан булутли экиш операциялари ўтказилган. Эрон эса 1953-1957 йилларда Энергетика вазирлиги Канада компанияси билан ҳамкорликда самолёт ва кумуш ёдид бирикмасидан фойдаланган ҳолда, Караж ва Жажруд тўғонлари ҳудудидаги булутларни уруғлантирганди.

Ушбу амалиёт Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Жорий йилнинг апрель ойида ҳам мамлакатнинг энг қуруқ иқлимли ҳудудларидан бири Навоий вилоятининг Конимех туманида сунъий ёмғир ёғдириш технологияси амалга оширилган эди. Лойиҳа International Centre of Climate Change Technologies компанияси билан ҳамкорликда олиб борилган эди. Келгусида агар Тошкентда яна бир бор ёмғир ҳосил қилишга уруниб кўрилса, бу тажрибалар, албатта, асқотади.

Айни дамда осмонни эгаллаган чангни йўқ қилиш учун шубҳасиз ёмғир керак, албатта.  Дарахтлари жиҳатидан қашшоқлашиб қолган Тошкент барчага дарс бўлиши лозим – агар биз табиатни асрамасак, у, албатта, қасос олади.

Хуллас, Зулфиқор Мусоқовнинг Абдуллажонини яна қайтаришмоқчи кўринишади, аммо, бу гал унумдор ер учун эмас, ҳавони тозалаш учун.


Мақола муаллифи

Теглар

Toshkent sun'iy yomg'ir cloud seeding bulut ekish chang yomg'ir bulutlar Abdullajon

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг