Рамзан Қодировнинг элита полки Украинада яксон қилингани айтилмоқда

Олам

image

Киев яқинидаги Гостомелда Украина Қуролли Кучлари ва Хавфсизлик хизмати махсус кучлари Россия гвардиясининг элита чечен махсус кучлари колоннасини мағлуб этди. Бу ҳақда ТСН ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Киев чеккасида жойлашган чеченлар артиллериядан ўққа тутилган. Ҳудудни душмандан кейинги тозалаш Украина хавфсизлик хизматининг “Альфа” махсус кучлар бўлинмаси ва ҳудудий мудофаа жангчилари томонидан амалга оширилган.

Нашрнинг ёзишича, бўлинманинг яксон қилиш вақтида Россия гвардиясининг Чеченистон бўлинмасининг 141-моторлаштирилган полки қўмондони генерал Магомед Тушаев йўқ қилинган.

Украинада россиялик ҳарбий ўлдирилганини биринчилардан тан олган расмий Доғистон раҳбари Сергей Меликов бўлди. У россиялик мансабдор офицер Нурмагомед Гажимагомедовнинг Украина ҳудудида вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Россия ОАВнинг ёзишича, Чеченистон Республикаси Ахборот вазири Ахмед Дудаев Миллий гвардиянинг А.Қодиров номидаги 141-махсус моторлаштирилган полки командири Магомад Тушаев тирик эканлигини даъво қилмоқда. У бунинг исботи сифатида ундан келгани айтилган аудио ёзувни эълон қилган. Аудиода ўзини Магомад Тушаев деб таништирган эркак ўлмаганини айтади ва эртага видео далилларни эълон қилишга ваъда берган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам ўзининг Telegram-каналида Тушаевнинг ўлимини рад этган.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Грознийда 10 минг чечен ҳарбийлари махсус ҳарбий операцияда қатнашиш учун Украинага жўнашга ҳозирлик кўраётганини маълум қилганди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

1864

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг