Рамзан Қодиров Украинага борди – ОАВ (видео)

Олам

image

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров айни вақтда Украинада. У Киевдан 7 км узоқликдаги Иванково қишлоғи яқинида Россия қўмондонларидан жанглар қандай кетаётгани ва қўшинларнинг ҳужуми ҳақидаги маълумотларни қабул қиляпти. Бу ҳақда РБК “Грозний” каналига асосланиб, маълум қилди.

Рамзан Қодировнинг Украинага қачон келгани ошкор қилинмаган. У чечен ҳарбийлари билан учрашган ва уларнинг вазифаси “Киевни олиш” эканини айтган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Чеченистон раҳбарининг ёнида ёрдамчиси Даниил Мартиновни кўриш мумкин. Баъзи манбаларда Мартиновнинг сўнгги икки ҳафта давомида Украинада бўлгани айтилади.

“Биз болалар уйига яқинлашдик ва ўраб олиб, ичкарига кирдик, лекин болалар у ерда йўқ эди. Биз бир неча соатга кеч қолган эдик”, дейди қўмондонлардан бири Рамзан Қодировга.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Чеченистон хавфсизлик кучлари болалар уйини Украина кучларидан озод қилганлигини эълон қилган эди.

Шунингдек, видеода қўмондонларнинг Қодировга ДХР ҳудудидаги жанглар ва Украинанинг бошқа ҳудудларидаги ҳужумлари ҳақида ҳисобот бераётганини ҳам эшитишингиз мумкин.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

239

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг