Раҳмон Роғун ГЭСи тўғонининг баландлиги қанчага етганини айтди

Олам

image

Роғун ГЭС қурилишига ҳозиргача жами 60,3 млрд сомони йўналтирилди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бугун, 21 август куни станция қурувчилари билан ўтказилган учрашувда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳани белгиланган муддатда якунлаш мамлакат учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Президент қурувчиларга фидокорона меҳнатлари учун миннатдорлик билдириб, тўғон баландлигининг 1155 метрлик белгига етказилиши Тожикистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига “муносиб совға” бўлганини таъкидлаган.

“Гидроэлектростанция қурилиши жараёнида сиз мисли кўрилмаган матонат ва жасорат кўрсатиб, асрнинг буюк қурилишини – Тожикистоннинг муносиб халқи орзу-умидларининг рўёбини миллий шаън ва қадр-қиммат майдонига, ватанпарварлик ва ватанга бўлган муҳаббат намойиши майдонига айлантирдингиз. Мен “Роғун” қурувчиларининг масъулияти, тажрибаси ва ҳалол меҳнатига тўлиқ ишонаман”, дейди Раҳмон.

Раҳмоннинг айтишича, 2027 йилда тўғон баландлиги 1185 метрга, сув омборидаги сув сатҳи эса камида 1165 метрга етказилиши керак. Ушбу кўрсаткичлар кейинги йилда мамлакатнинг тўлиқ энергетик мустақиллигини таъминлаш учун зарур.

Унинг маълум қилишича, 2025 йилда республика бюджетидан қурилиш ишларига 8,1 млрд сомони, 2026 йилда эса 11,4 млрд сомони ажратиш кўзда тутилган. 2026 йилнинг етти ойи давомида барча манбалардан қурилиш-монтaж ишларига 8,4 млрд сомони сарфланган. 2008 йилдан бери станцияни қуриш ва қайта тиклаш учун давлат ва бошқа молиялаштиришнинг умумий ҳажми 60,3 млрд сомонига етган.

Ҳозирда объектда 20 минг атрофида ишчи ва муҳандис-техник ходимлар меҳнат қилмоқда, 4000 га яқин машина ва механизмлар жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Роғун ГЭСи каби йирик лойиҳани халқаро банклар, хорижий давлатлар ва жамғармаларнинг молиявий қўллаб-қувватлашисиз амалга оширишнинг имкони йўқлигини айтиб, лойиҳадаги молиявий қийинчиликлар тан олганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг