Путиннинг Ўзбекистонга сафари қачон бўлиши айтилди
Жамият
−
23 Май
18265Россия Президенти Владимир Путин 26-27 май кунлари Ўзбекистонга ташриф билан келади. Бу ҳақда бугун, 23 май куни Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
“Ҳозирча айтишим мумкинки, бугун ва эртага Беларусга, якшанба ва душанба кунлари эса Ўзбекистонга ташриф бўлади”, дея аниқлик киритди у журналистларга.
Ушаковнинг сўзларига кўра, Президентнинг сафари давомида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Путин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Ўшанда Путин Хитой раҳбарияти билан яқинда Пекинда бўлиб ўтган музокаралар ҳақидаги таассуротларини Мирзиёев билан ўртоқлашган, шунингдек, Россия Президентининг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинган.
21 февраль куни Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари билан Қозонда бўлиб ўтган учрашувида Путиннинг сайловдан кейинги дастлабки ташрифлардан бири Ўзбекистонга бўлишини, ушбу ташрифга “жуда жиддий” тайёргарлик кўраётганини айтганди. Путиннинг сайловдан кейинги илк хорижий сафари 16-17 май кунлари Хитойда бўлди.
LiveБарчаси