Ўзбекистон Путиннинг сайловдаги ғалабасига ишонади – Мирзиёев
Жамият
−
22 Февраль
7084Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев март ойида бўлиб ўтадиган Россия Президенти сайловларида Владимир Путиннинг ғалаба қозонишига ишонч билдирди. Бу ҳақда у кеча, 21 февраль куни Россия раҳбари билан Қозонда бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.
"Тез орада Россияда катта сиёсий воқеа – президентлик сайловлари бўлади. Ишончимиз комилки, Россия халқи аллақачон овоз берган. Ўзбекистон сизнинг мутлақ ғалабангизга ишонади. Биз келишиб олганимиздек, дастлабки ташрифлардан бири Ўзбекистонга бўлади”, деган Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, у ушбу ташрифга “жуда жиддий” тайёргарлик кўрмоқда.
“Мен бутун жамоамга бу ташриф ҳар доимгидек тарихий, барча соҳаларга оид воқеаларга бой бўлиши кераклигини айтдим”, дея қўшимча қилган Мирзиёев.
Маълумот учун, Россия Президенти сайловлари 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Сайловлар учун бюллетенга тўртта номзод киритилади: Леонид Слуцкий, Николай Харитонов, Владислав Даванков ва амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин. Россия Марказий сайлов комиссияси Борис Надеждинни президентлик сайловларида номзод сифатида рўйхатга олмади.