Ўзбекистонда қутқарувчиларни тайёрлаш техникуми ташкил этилади
Жамият
−
13:33 350 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида Қутқарувчиларни тайёрлаш техникуми ташкил этилади. Унда умумий ўрта таълим мактаблари битирувчилари давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таҳсил олади. Техникум фаолияти 2027/2028 ўқув йилидан бошланади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг кеча, 6 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида Қутқарувчиларни тайёрлаш техникумини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Ҳукумат қарорига кўра, техникумга умумий ўрта таълим ташкилотлари битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Таълим жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади.
2029 йилдан бошлаб техникумнинг касбий таълим йўналишларини тамомлаган битирувчилар орасидан фавқулодда вазиятлар органлари учун кадрлар захираси шакллантирилади.
Техникумнинг асосий вазифалари этиб фавқулодда вазиятлар органлари учун замонавий талабларга жавоб берадиган, назарий билим ва амалий кўникмаларга эга қутқарувчиларни тайёрлаш белгиланган.
Шунингдек, ўқув жараёнида симуляция, имитация ва виртуал лабораториялар ҳамда полигонларни ташкил этиш орқали назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Маълумот учун, 2026 йил 3 апрелдаги Президентнинг ПҚ–123-сон қарорида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида мазкур техникум фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган эди.
Live
Барчаси