Путиннинг туғилган кунида МДҲ етакчилари Москвада йиғилади
Олам
−
05 Октябрь
10325Россия Президенти Владимир Путин 7 октябрь куни 72 ёшга тўлади ва туғилган кунини иш жойида ўтказади. Бу ҳақда Кремль воизи Дмитрий Песков маълум қилди.
"Ҳеч қандай байрам бўлмайди. У куннинг биринчи ярмида ёпиқ, оммавий бўлмаган иш учрашувларини ўтказади", деди Кремль вакили.
Песков 7 октябрь куни кечқурун Путин МДҲ давлатлари раҳбарлари билан бирга бўлишини айтди. Унинг сўзларига кўра, келаси ҳафта Москвада МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 2022 йилда Путиннинг 70 йиллик юбилейи куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарлари Санкт-Петербург яқинидаги Константиновский саройига йиғилган. Учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян иштирок этган. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров саммитда қатнашмади.
Ўтган йили эса Путин туғилган кунида Ново-Огареводаги қароргоҳида Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб берилишига бағишланган маросимда иштирок этди. Ўшанда унинг меҳмонлари тушликка қолган ва учаласи бирга ўтириб, туғилган кунни нишонлаган.
Эслатиб ўтамиз, Путин бугун, 5 октябрь куни 72 ёшга тўлган Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонга туғилган куни муносабати билан йўллаган табрик телеграммасида “яқин кунларда” у билан Москвада учрашишини ёзганди.