Путиннинг “цунами чақирувчи” супер қуроли сохта экани айтилди
Олам
−
01 Ноябрь 16715 3 дақиқа
Жорий ҳафтада Россия Президенти Владимир Путин “муваффақиятли синовдан ўтди” деб эълон қилган “Посейдон” ядровий торпедаси Россия пропагандаси даъво қилганидек “радиактив цунами” ҳосил қилиб, “душман” давлатлар соҳилларини йўқ қила олмайди. Бу ҳақда БМТнинг Қуролланишни тадқиқ қилиш институти (Женева) катта илмий ходими Павел Подвиг маълум қилди.
Путин “ўзига ўхшаши йўқ” бу қурол ҳақида илк бор 2018 йилда эълон қилган. Шундан бери Россия пропагандаси ва ҳукумат тарафдори бўлган экспертлар уни “мўъжизавий қурол” сифатида тарғиб қилиб келмоқда. Масалан, “Россия-1” каналининг “Ҳафталик янгиликлар” дастури бошловчиси Дмитрий Киселев “Посейдон”нинг Британия яқинида портлатилиши “баландлиги 500 метрга тенг цунами”ни келтириб чиқаришини айтган.
Унинг сўзларига кўра, “бундай сув тўлқини ниҳоятда юқори даражада радиация олиб юради ва Британияда қолган барча нарсани радиактив саҳрога айлантиради.”
Жорий йилнинг 29 октябрь куни собиқ Давлат думаси депутати ва собиқ Қора денгиз флоти қўмондони Владимир Комоедов “бу сув остида портлаши натижасида цунами ҳосил қиладиган катта ядровий бомба”, деб баёнот берган. Эртаси куни эса Думадаги спикер Вячеслав Володин Ғарб давлатларини “Посейдонни портлатмаслик учун Путинга мурожаат қилишга” чақирган.
Аммо БМТнинг Қуролланишни тадқиқ қилиш институти катта илмий ходими Павел Подвигнинг айтишича, бундай ядровий қуроллар ёрдамида сунъий цунами ҳосил қилиш ғояси СССР даврида бир неча бор ўрганилган ва ҳар сафар олимлар буни илмий жиҳатдан имконсиз деб топган.
Унинг билдиришича, бу ғоя совет водород бомбасининг яратувчиларидан бири Андрей Сахаров томонидан илгари сурилган, бироқ ҳисоб-китоблар “бундай тўлқин тезда тарқалиб кетишини” кўрсатган. Айрим тадқиқотларда эса бу фикр “мутлақо бемаъни” деб баҳоланган.
“Карнеги” фонди илмий ходими Николь Гражевскининг айтишича, бу тадқиқотлар илк бор 1950 йилларда ўтказилган. Унда сувости босими ва зарба тўлқинлари ядровий портлаш таъсирини кучайтириши мумкинми, деган савол ўрганилган.
“СССР илмий институтлари бундай портлашларни аввал Ладога кўлида, кейин эса Янги Ер (Новая Земля) оролларида моделлаштирган. Натижада қуруқлик шельфи энергиянинг катта қисмини ютиб юбориши ва кучли тўлқинларнинг тез сўниб кетиши аниқланган, бу эса қирғоқларда катта вайронагарчиликларни физик жиҳатдан имконсиз қилади”, дейди Гражевски.
Мутахассисларнинг фикрича, Путиннинг “Посейдон” ва ядровий двигателли “Буревестник” ҳақида гапириши Ғарб санкцияларига жавобан босим ўтказиш мақсадида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Президент Владимир Путинга “Буревестник” ядровий ракетасининг муваффақиятли синов ҳақида хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, ракета 15 соат ичида тахминан 14 000 км масофани босиб ўтган ва бу уни ёқилғи қуйишсиз бутун дунё бўйлаб айланиб чиқишига бемалол етади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп “Буревестник” синовига изоҳ берар экан, Путиннинг бу борадаги баёнотларини “ноўрин” деб атаган. Трамп, шунингдек, “бизда дунёдаги энг яхши атом сувости кемаси бор. Шунинг учун бизга саккиз минг миль учадиган ракета керак эмас” деган.
Live
Барчаси