Путиннинг Германиядаги “ғалати” машҳурлиги сири нимада?
Олам
−
09 Август 2022
23004Германия ва Австрияда Россия Президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлаш даражаси юқори. Бу ҳақда “Wiener Zeitung” газетаси шарҳловчиси Герхард Лехнер хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, немислар Украинани бир овоздан қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги таассурот “алдамчи”.
“Немис тилида сўзлашувчи ушбу давлатларда Путиннинг обрўйи юқорилиги ва Россияга нисбатан бундай ғалати хайрихоҳлик қаердан келиб чиқади? Албатта, Путин ўнгни ултра-либерал гендер сиёсатини танқид қилиш билан, сўлни эса НАТОга қарши риторика билан ҳайратда қолдиради”, дейди Лехнер.
Шарҳловчига кўра, бугунги кунда Германия ва Австрия аҳолиси орасида санкцияларнинг иқтисодий оқибатлари туфайли норозилик кучаймоқда.
“Инфляциянинг ўсиши, газ тақчиллиги таҳдиди ва юқори нархлар Украинага бўлган хайрихоҳликни пасайтиради. Кўпчилик Путинни эмас, Украина Президенти Владимир Зеленскийни уруш қўзғатувчи, тинчликка тўсқинлик қилаётган одам сифатида кўра бошлаган”, дейилади мақолада.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь