Путин ва Эрдўған Туркиядаги илк АЭСнинг учинчи блоки қурилишини бошлаб берди
Олам
−
10 Март 2021
4848Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиядаги “Аккую” атом электр станциясининг (АЭС) учинчи блоки учун “биринчи бетон”ни қуйишни бошлаб берди.
Ўрта ер денгизи соҳилида Мерсин вилоятида барпо этилаётган “Аккую” АЭСни Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси қурмоқда. Путин тантанали маросимда видеоконференц алоқа орқали қатнашган.
Туркиядаги биринчи АЭС Москва ва Анқара ўртасида 2010 йил май ойида имзоланган ҳукуматлараро битим асосида қурилмоқда.
АЭСга 99 фоиздан ортиқ улуши “Росатом”га тегишли бўлган “Аккую Нуклер” компанияси жавобгар ҳисобланади. “Аккую” АЭС ҳар бири 1200 МВт қувватга эга тўртта энергия блокидан иборат бўлади. Қурилиши якунлангач, станция йилига 35 млрд кВт соат энергия ишлаб чиқаради.
“Аккую” АЭСнинг биринчи блоки қурилиши 2018 йил апрелда бошланган ва 2020 йил июнгача давом этган. АЭСнинг биринчи блокини Туркия Республикасининг 100 йиллигига, 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, “Росатом” давлат корпорацияси Ўзбекистонда ҳам АЭС қуради. Ўзбекистондаги илк АЭС ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 МВт бўлган иккита энергоблокдан иборат бўлади. Станция қурилиши учун Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги майдон танланди.
LiveБарчаси