Путин Киевнинг ҳаракатларини инсониятга қарши жиноят деб атади

Олам 11491
image
-

Киев режимининг Донбасcдаги ҳаракатлари фақат инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин X Санкт-Петербург халқаро юридик форуми иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди.

“Киев режимининг ҳаракатларига инсониятга қарши жиноятдан бошқа таъриф йўқ”, дейди Россия давлати раҳбари.

Шунингдек, у баъзи давлатлар халқаро нормаларни ўзларининг миллий юрисдикциялари билан, қонунларни эса диктатуралар билан алмаштиришга ҳаракат қилаётганини айтди. Путинга кўра, улар атайлаб асосий ҳуқуқий тамойиллардан воз кечмоқда.

Россия етакчисининг фикрича, халқаро ҳуқуқ тизимини, албатта, ривожлантириш керак, лекин сабаб ва натижани аралаштириб юбормаслик лозим. Инқирозлар "қонунга хос бўлган иллатлар туфайли туғилмайди", деб ишонади у.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, баъзи давлатлар жаҳон миқёсида ҳукмронлик йўқолишини қабул қилишга тайёр эмас ва улар адолатсиз бир қутбли моделни сақлаб қолишга интилмоқда. 

“Қоидаларга асосланган тартиб ва бошқа шубҳали тушунчалар ниқоби остида улар глобал жараёнларни ўз хоҳишига кўра назорат қилиш ҳамда йўналтиришга ҳаракат қилмоқда, фақат бир давлатга – Америка Қўшма Штатларига манфаатли қарорлар қабул қиладиган ёпиқ блоклар ва коалициялар яратиш йўлидан боримоқда”, дейди у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 16
Рейтинг: 3.2
t
×