Путин Қозоғистонда: Тўқаев уни дабдаба билан кутиб олди (видео)
Олам
−
13:28 5226 2 дақиқа
Кеча, 27 май куни Россия Президенти Владимир Путинни Қозоғистонга келди. Бугун, 28 май куни пойтахт Остонада Россия етакчисини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия етакчисини шахсан ўзи кутиб олган. Олий мартабали меҳмон шарафига Мустақиллик саройи узра Қозоғистон Ҳаво мудофааси кучлари қирувчи самолётлари намойиш парвозини амалга ошириб, осмонда Россия байроғи рангларидаги тутунли из қолдирган.


Давлат раҳбарлари бир-бирларига делегация аъзоларини таништирган. Фахрий қоровул ротаси бошлиғининг қутлов рапортидан сўнг икки давлат миллий мадҳиялари янграган.


Маълумот учун, Путин Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Қозоғистонга келган. Музокаралар давомида давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилади.

Бундан ташқари, бугун, 28 май куни Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтади. Эртага, 29 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши ўтказилади.

Остонага сафар олдидан республиканинг “Казахстанская правда” газетасида Владимир Путиннинг мақоласи чоп этилди. Унда Россия Президенти икки мамлакатни умумий тарих, маданиятлар ва инсонлар тақдирининг узвий боғлиқлигига асосланган ҳақиқий мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталари боғлаб туришини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Live
Барчаси