Путин Эрдўғанга уруш қачон тугашини айтди
Олам
−
06 Март 2022
52356Киев урушни тўхтатса ва Россиянинг талабларини бажарсагина Москва Донбассни ҳимоя қилиш бўйича махсус операцияни тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан бўлган телефон орқали суҳбатида айтди.
Кремль Матбуот хизматига кўра, Путин Эрдўған билан суҳбатда Россия томони Украина ҳукумати ва хорижий ҳамкорлар билан можарони ҳал қилиш учун мулоқотга тайёрлигини тасдиқлаган.
“Россия Қуролли Кучлари тинч аҳолининг ҳаётини сақлаб қолиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда, аниқ зарбалар фақат ҳарбий инфратузилма объектларига берилмоқда. Киев урушни тўхтатса ва Россия талабларини бажарсагина Донбассни ҳимоя қилиш бўйича махсус операцияни тўхтатиши мумкин”, деган Россия Президенти.
Шунингдек, Туркия Президенти Ғарбнинг рус маданияти ва унинг арбобларини камситиш кампаниясини танқид қилган. Путин эса бунга жавобан Россия томони турк фуқароларини жанглар кетаётган ҳудудлардан хавфсиз эвакуация қилишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Суҳбат давомида Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия Украина муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга имкон қадар кўпроқ ҳисса қўшишни хоҳлашини айтган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси