Путин “ҳарбий операция” бўйича ҳар қандай музокарага тайёр – Песков
Олам
−
22 Март 2022
13817Москва Россия Президенти Владимир Путиннинг хорижий парламентлардаги нутқи юзасидан Ғарб давлатлари билан ҳеч қандай музокара олиб бормаяпти. Шу билан бирга, давлат раҳбари Украинадаги вазият бўйича Россия позициясига ойдинлик киритиш учун ҳар қандай даражадаги алоқаларга очиқ. Бу ҳақда Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаяпти. Айни пайтда Россия Президенти бу масалада Россиянинг позициясини аниқлаштириш, топшириқнинг мақсадлари ва ҳарбий махсус операция сабабларини ойдинлаштириш учун ҳар доим исталган даражадаги алоқаларга очиқ бўлган ва шундай бўлиб қолади. Аслида у буни бир неча бор намойиш ҳам этди”, дейди Песков.
Шунингдек, Кремль расмийси Ғарб билан музокараларни Россия бошламаслигини ва буни хоҳламаслигини ҳам айтди.
“Биз бу борада ташаббус кўрсата олмаймиз ва буни истамаймиз ҳам. Айниқса, бу ерда гап, сўнгги ҳафталарда мамлакатимизга қарши ўта душманона қадамлар қўйган давлатлар ҳақида кетаётганда”, дейди Песков.
Аввалроқ, Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб-Тойиб Эрдўған ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан телефон орқали суҳбатда Украинадаги вазиятни муҳокама қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, Украина Президенти Владимир Зеленский бир неча бор Путинни музокара қилишга чорлади, аммо Кремль ҳамон бу борада сукут сақлаяпти.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди
LiveБарчаси