Президент соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ ўзгартириш бўйича йиғилиш ўтказади

Жамият 4980
image

Бугун, 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев  соғлиқни сақлаш тизимини “бутунлай қайта кўриб чиқиш” бўйича йиғилиш ўтказади.

Шавкат Мирзиёев раислигидаги селектор йиғилишида асосий урғу коронавирус билан қарши кураш тадбирларига эмас, балки соҳани тўлиқ қайта ислоҳ қилишга қаратилади.

Энг кўп саволлар бирламчи фаолият турларига қаратилади. Манбанинг маълум қилишича, йиғилиш давомида оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тизимини қайта кўриб чиқиш, кадрларни молиялаштириш ва тайёрлаш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармони билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Абдуҳаким Ҳожибоев Соғлиқни сақлаш вазири, Амрилло Иноятов унинг биринчи ўринбосари, Анвар Алимов вазир ўринбосари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректори бўлди.

Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев 2016 йилда Президент этиб сайланганидан кейин, унинг илк масаласи Соғлиқни сақлаш тизими ва ҳуқуқ тартибот органлари фаолиятини ислоҳ қилиш бўлган эди. 2017 йил бошида икки мартта Соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, жуда қаттиқ танқид қилиб, катта масалаларни ўртага ташлаган эди. У ишларни ҳал этиш учун эса муддатлар ҳам белгиланганди.  Бунда қишлоқ врачлик пунктларини қайта кўриб чиқиш, ҳудудларда тиббиёт пунктларини ташкил этиш, чекка ҳудудларни тиббиёт муассасалари ва ходимлари билан таъминлаш, қолаверса, дори воситаларининг нархини пасайтириш ва бир неча турдаги дори воситаларининг нархини маълум чегарада ушлаш масалалари кўрилган эди. Орадан 3 йил вақт ўтди бу орада Ўзбекистонга бошқа мамлакатлар қатрори коронавирус кириб келди. Аммо тизимда қанчалик ўзгариш бўлган бўлмаганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Тизим деярли ўзгаргани йўқ. Ўзгармади, ўзгартира олишмади. Бунда, албатта, ССВнинг бугунгача бўлган собиқ раҳбариятининг катта хатолари бор.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 199
Рейтинг: 3
t
×