Президент Кармана туман ҳокими ва “катта”ларининг барчасини ишдан олишни буюрди
Жамият
−
31 Октябрь 2023
16282Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятининг Кармана тумани ҳокими, прокурори, департамент бошлиғи, ички ишлар, электр тармоқлари раҳбарларини ишдан олишни буюрди. Бу ҳақда Президент бугун, 31 октябрь куни гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан бўлиб ўтаётган йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилда ҳудудларда 3,5 миллиард киловатт-соат электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, Карманадаги қурилиши якунланмаган бинода 452 та “майнинг” қурилмаси ўрнатилгани оқибатида ўн ой давомида қарийб 5,5 миллион киловатт-соат электрдан ноқонуний фойдаланилган.
Йиғилишда Кармана тумани ҳокими, прокурори, департамент бошлиғи, ички ишлар, электр тармоқлари раҳбарлари ўн ойда ҳудудда шунча электрдан ўғирликни пайқамагани, туманда ойлик истеъмол бирданига 5 фоизга ошганини таҳлил қилмагани танқид қилинган.
Шавкат Мирзиёев юқорида келтирилган рақамларни ҳисобга олган ҳолда ушбу раҳбарларнинг барчаси ишдан олинишини билдирган. Бош прокуратурага эса уларнинг ҳаракатига қонуний баҳо бериб, устуворлигини таъминлаш топширилган.
Шунингдек, мутасаддиларга ўғирликлар энг юқори бўлган ҳудудларда ноқонуний истеъмолга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Кармана туманида давлат манфаатларига 24 миллиард 415 миллион 300 минг сўм зарар келтирган ноқонуний майнинг фермаси фаолияти тўхтатилган эди.
Ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, 24 миллиард 415 миллион 300 минг сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
LiveБарчаси