Президент Қаршидаги уйда меҳмон бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида Қарши шаҳридаги Ойдин маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши, ҳудуддаги ободлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари бугун, 24 октябрь куни Қарши шаҳрига ташрифи давомида “Ойдин” МФЙдаги 11-уйда яшовчи Дилшод Набиев хонадонида меҳмон бўлиб, оила аъзолари билан бир дастурхон атрофида суҳбатлашган.

Ушбу оила бошлиғи Дилшод Набиев хусусий тадбиркор, у турмуш ўртоғи Ҳурриятхон билан икки фарзандини вояга етказмоқда. Улар мартабали меҳмонга тадбиркорлик фаолияти, болаларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берган.

Шундан сўнг Президент маҳалланинг янги маркази – маҳалла гузари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўздан кечирган. Шу ерда нуронийлар билан мулоқот қилган.

Мулоқотда Қарши шаҳри масъуллари, маҳалла “еттилиги” ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берган.Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тизимга солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” жорий этилиши, келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилиниши қайд этилган.

Шунингдек, амалдаги учта платформа – “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилиши таъкидланган.

Президент мазкур тизимни самарали ишлатиш, бундай кенг ваколат ва маблағлардан фойдаланиб, маҳалладаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини айтиб ўтган. Шу билан бирга, аҳолини тадбиркорликка, хотин-қизларни касб-ҳунарларга жалб этиб, даромадини ошириш, ёшлар учун маданий тадбирлар, мусобақалар ташкил этиш муҳимлигини қайд этган.

Маълумот учун, Ойдин маҳалласида 11 мингга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда иккита мактабгача таълим ташкилоти, битта умумтаълим мактаби мавжуд. Жорий йилда яна учта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган.

Маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаси, тикувчилик ва ҳунармандчилик яхши ривожланган. Хусусан, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, умумий овқатланиш шохобчаси ва бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Уларда маҳаллий аҳоли, хусусан, ёшлар иш билан банд.

Жорий йилда маҳалладаги икки юз нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. Яна қарийб шунча фуқаро “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасалари орқали ўқитилди. Уларнинг 191 нафари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида иш бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида режадан ташқари Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борган эди. Шунингдек, давлат раҳбари Қарши тумани маркази – Бешкент шаҳридаги 12-мактабни ҳам режалаштирилмаган ҳолда бориб кўрганди


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши Ойдин МФЙ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг