“Шароит менга маъқул эмас”. Мирзиёев Қаршида янги шифохона қурилишини айтди
Жамият
−
24 Октябрь 2023
22940Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида режадан ташқари Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борди.
Маълумотларга кўра, шифохонанинг биноси ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган. Шифохона 228 беморга ва поликлиника 250 қатновга мўлжалланган. Ҳозирда тумандаги 243 минг аҳолига хизмат кўрсатилади. Лекин бу ердаги шароитлар шунча қамровга ва замон талабига мос эмас. Айрим жиҳозларни янгилашга зарурат бор.
“Бугун Қашқадарёга келишимиздан мақсад вилоятнинг 3 ярим миллионлик аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш. Йўлдан ўтиб кетаётиб, шифохона қандай экан, деб кирдим. Ҳолатни ўзим кўриб, оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қарор қабул қилиш – менинг энг катта мақсад-муддаом. Аввал ҳам айтганимдек, таълим билан тиббиёт сифатли бўлса, одамлар рози бўлади. Кўп жойларда шифохоналарни яхши қилдик. Лекин Қарши туманидаги шароит менга маъқул эмас. Бугун кўрганларимдан хулоса қилиб, бу ерда янги шифохона қурамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари мутасаддиларга бўлажак мажмуа ўрни ва лойиҳаси бўйича таклиф киритиш вазифасини қўйган. Келгусида у энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва дори воситалари билан бепул таъминланади. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар хорижга малака оширишга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли турмуши билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди.