Президент Андижонда 2 млрд долларлик лойиҳаларни ишга туширди
Local
−
14:28 551 2 minutes
Бугун, 23 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, маросимда умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион доллар бўлган 206 та лойиҳа қамраб олинган. Шундан 2 миллиард 50 миллион долларлик 98 та лойиҳа ишга туширилган, 7 миллиард 350 миллион долларлик 108 та лойиҳанинг қурилиши бошланган.

Ушбу лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.

Хусусан, пахта-тўқимачилик кластери, электр энергиясини сақлаш ва тақсимлаш тизими, мебелсозлик ва чарм-пойабзал саноат зоналари, электр автобуслар, қуёш панеллари ва микрогидроэнергетика ускуналари ишлаб чиқариш, шунингдек, замонавий таълим ва тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Янги лойиҳалар доирасида замонавий турар жой мажмуалари, халқаро логистика ва туризм марказлари, гидроэлектр станцияси, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш корхонаси, транспорт воситалари ва юк вагонлари ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш кўзда тутилган.

Лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон компаниялари ҳамда маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Уларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти шаклланади.

Маросимда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан масъуллар, хорижлик ҳамкорлар ва ташаббускорлар видеоалоқа орқали иштирок этган. Улар лойиҳаларнинг аҳамияти, амалга ошириш жараёни ва ишга тушириш муддатлари ҳақида ахборот берган.

Давлат раҳбари мазкур ташаббусларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижлик ҳамкорлар ва маҳаллий тадбиркорларга миннатдорлик билдирган.
Президент рамзий тугмани босиб, 98 та янги лойиҳани ишга туширган ва 108 та объект қурилишига старт берган. Шундан сўнг инвесторлар ва ҳудуд фаоллари билан мулоқот бўлиб ўтган.
Live
All