Собиқ ДХХ биноси ҳудудидаги дарахтлар бошқа жойга кўчириб ўтқазилаётгани айтилди
Жамият
−
22 Май
11484Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда собиқ Давлат хавфсизлик хизмати биноси ўрнида меҳмонхона қурилаётгани ва қурилиш майдонида кўп йиллик дарахтлар кесилиб, ўралган ҳолда олиб чиқиб кетилаётганлиги ҳақида видеохабар тарқалганди. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси вазиятга аниқлик киритди.
Билдирилишича, ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган ва Юнусобод тумани Сайилгоҳ кўчасидаги 26 та эман дарахти белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчириб ўтқазилаётганлиги маълум бўлган.
“Айни дамда 14 та эман дарахти кўчириб ўтқазилди. Қолган 12 та дарахтни ҳам кўчириш жараёни кетмоқда. Бунда барча агротехник тадбирлар олиб борилмоқда, дарахтлар яшаб кетиши учун зарур ўғитлар, озуқа моддалари билан таъминланмоқда. Бошқа ҳудудга кўчирилган дарахтлар тўлиқ яшаб кетади ва бунинг учун барча зарур чора-тадбирлар олиб борилади", дейди жараёнга масъул ”Муна Маг“ корхонаси раҳбари Фаррух Ҳакимов.
Мутахассиснинг таъкидлашича, бу дарахтлар кўчириб ўтқазилганидан кейин 3 йил давомида доимий суғориш, ўғитлаш, илдиз тизимини озиқлантириш, ҳашаротлар ва зараркунандаларга қарши кураш ва бошқа зарурий ишлар амалга оширилади. Кўчирилаётган дарахтлар Тошкент вилоятидаги боғ учун мўлжалланган ҳудудга ўтқазилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Экологик партия Бош прокуратура ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул бўлган давлат ташкилотларидан зудлик билан чора кўришларини сўраганди.