Польша Беларусь билан чегарадаги аскарлари сонини кескин оширяпти
Олам
−
10 Август 2023
3066Польша қуролли кучлари Беларусь чегарасига 10 минг ҳарбий хизматчини жойлаштириш ниятида. Бу ҳақда мамлакат Миллий мудофаа вазири Мариуш Блашак маълум қилди.
“Чегарада 10 мингга яқин аскар бўлади – 4 минг нафари тўғридан-тўғри чегара хавфсизлигини қўллаб-қувватлайди, 6 минг нафари эса шу яқин ҳудудда жойлашади”, дейди Блашак.
Вазирнинг сўзларига кўра, Польша армияси фаол ривожланиб, замонавий техника билан қуроллантирилмоқда.
"Икки йил ичида биз Европадаги энг кучли армияга эга бўламиз", дея қўшимча қилган Миллий мудофаа вазири.
Шунингдек, Блашак Польша қуролли кучларида аллақачон 170 минг аскар хизмат қилаётганини таъкидлаган.
Айтиш жоизки, Польша расмийлари Беларусь билан чегарани ҳимоя қилишни кучайтиришнинг асосий сабаби сифатида 2021 йил кузидан бери давом этаётган миграция инқирозининг янги босқичини кўрсатмоқда. Чегара қўшинлари вакиллари Польша ҳудудига киришга уринаётган ноқонуний муҳожирлар сонининг кўпайганини, шунингдек, уларнинг тажовузкор ҳаракатларини (чегарачиларга тош, шиша ва таёқ улоқтирилиши) қайд этган.
Расмий Варшавага кўра, Польша-Беларусь чегарасидаги инқироз Беларусь ва Россия расмийлари томонидан НАТОнинг шарқий қанотидаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида қўзғатилган. Москва ва Минск бу айбловларни бир неча бор рад этган.
Маълумот учун, Польша Белорусь ҳудудида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси пайдо бўлганидан, шунингдек, икки Беларусь ҳарбий вертолёти томонидан Польша ҳаво чегарасини бузганидан кейин Польша-Беларусь чегарасида ўзининг ҳарбий иштирокини янада кучайтиришга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 август куни Польша Беларусь билан чегарага қўшимча минг нафар аскар жойлаштирмоқчи экани хабар қилинганди. Бир кун ўтиб, 9 август куни Ички ишлар вазири ўринбосари Мачея Вонсика чегарага юбориладиган қўшимча аскар сони минг эмас, 2000 эканини айтди. Олдинроқ Польша Беларусь ва Россия билан чегарада сапёрлар батальони ташкил этишини маълум қилганди. Шунингдек, Польша "Вагнер" ёлланма жангчилари ва Беларусдаги Россия аскарларининг фаоллиги фонида яқин келажакда мунтазам армиясини деярли икки баравар ошириш ниятида экани айтилди. АҚШ эса Польшани “Вагнер”дан ҳимоя қилишга ваъда берди..