Покистоннинг собиқ бош вазири қамалди
Олам
−
05 Август 2023
6634Покистоннинг собиқ бош вазири ва мухолифатдаги “Адолат ҳаракати” партияси раиси Имрон Хон уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Dawn” газетаси хабар берди.
Исломобод суди Хонни Тошахон давлат ғазнасида сақланаётган қимматбаҳо буюмларни сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ишида “коррупцион ҳаракатлар” қилганликда айбдор деб топган.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 10 май куни собиқ бош вазирга нисбатан Покистон Сайлов комиссияси жиноий иш қўзғатганидан сўнг айблов эълон қилинган.
Бугун, 5 август куни судья Ҳумоюн Дилавар биринчи инстанция судида бу иш бўйича собиқ бош вазирга қўйилган айблар ўз исботини топди, деган қарорга келган.
Хон коррупцияда айбдор деб топилган. Шунингдек, суд уни 100 минг рупий (1200 доллар) миқдорида жарима тўлашга мажбур қилган.
Собиқ бош вазирнинг адвокати полиция Хонни унинг Лаҳор шаҳридаги қароргоҳида ҳибсга олганини маълум қилган.
Маълумот учун, 2022 йил апрель ойида парламентдаги ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлатилган Хонга бош вазирлик даврида олган давлат совғаларини ноқонуний сотиш ва мол-мулкини яшириш айбловлари ҳам қўйилган. Имрон Хон ўзига қўйилган айбловлар амалдаги Бош вазирнинг уни обрўсизлантиришга қаратилган режасининг бир қисми эканини айтган. Шаҳбоз Шариф эса Хонни ҳибсга олиш суд қарори экани, бунда ҳеч қандай сиёсий таъсир йўқлигини билдирган.
LiveБарчаси