“Подшо эмас, уруш қули”. Зеленский Мюнхенда Путинга қарши кескин баёнот берди

Олам

image

Россия Президенти Владимири Путин ўзини “подшо” деб билади, аммо аслида у “урушнинг қули”. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 14 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасидаги чиқишида айтиб ўтди.

“У ҳокимиятсиз ва ҳокимиятдан кейинги ҳаётни тасаввур қила олмайди. Оддий нарсалар уни қизиқтирмайди. У тирик одамлар билан эмас, кўпроқ Пётр I ва Екатерина Буюк билан “маслаҳатлашади”. Ҳозир унинг диққат марказида Украина, аммо у бошқа Европа давлатларини ҳам тинч қўймайди, чунки у уруш ғоясидан воз кеча олмайди.

У ўзини подшо деб билади, аммо аслида у урушнинг қули. Агар у яна 10 йил яшаса, уруш қайтади ва янада кенгаяди. Шунинг учун Украина ва Европа учун кучли хавфсизлик кафолатлари зарур. Бу кафолатлар тинчлик келишувларидан олдин пайдо бўлиши керак. Биз биламизки, АҚШ Президенти Дональд Трамп бизни эшитмоқда, Конгресс бизни эшитмоқда ва Америка халқи бизни эшитмоқда. Ҳақиқий ёрдам учун миннатдормиз”, дейди Украина Президенти.

Зеленский чиқиши давомида Виктор Орбанни ҳам кескин танқид қилган.

“Бизнинг халқимиз ортида мустақил Полша ва эркин Болтиқбўйи давлатлари турибди. Балки суверен Молдова ҳам турар. Ҳатто бир Виктор эса қорнини қандай катталаштириш ҳақида эмас, балки Россия танкларининг Будапешт кўчаларига қайтишини тўхтатиш учун армиясини қандай кучайтириш ҳақида ўйлаши керак”, дейди у.

Зеленский имкон қадар тезроқ сайлов ўтказишга тайёр эканини билдирган, бироқ бунинг учун аввало уруш тўхташи ва Украинага хавфсизлик кафолатлари берилиши лозимлигини таъкидлаган.

“Агар Президент Трамп Путинни икки-уч ой давом этадиган сулҳга кўндира олса, биз сайлов ўтказамиз”, дейди у.

Зеленский, шунингдек, Трамп тинчлик битимини бирданига тузишни хоҳлашини, чунки унга “ҳаммаси бир катта пакетда амалга оширилиши” ёқишини айтган. Аммо Украина Президенти келишувларга босқичма-босқич эришиш муҳимлигини қайд этган.

У Украинадаги энергетика инқирози масаласига ҳам тўхталган. “Bild” маълумотига кўра, Зеленский Россия зарбаларидан сўнг Украинада тўлиқ сақланиб қолган бирорта ҳам электр станцияси қолмаганини айтган.

“Украинада Россия ҳужумларидан зарар кўрмаган бирорта ҳам электр станция йўқ. Бирортаси ҳам”, дейди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, фақат январь ойининг ўзида Украина қарийб 6000 та дрон, 150 дан ортиқ ракета ва 5000 дан зиёд бошқариладиган авиабомбалар ҳужумини қайтарган.

Украина Президенти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳолатини яшаб қолиш масаласи деб атаган. Шу билан бирга, у Киевни “фақат сўз билан эмас, амалда ҳам” қўллаб-қувватлаётган давлатларга миннатдорлик билдирган, хусусан Германия, Норвегия ва Нидерландия ёрдамларини, шунингдек АҚШ орқали етказиб берилаётган қуролларни алоҳида таъкидлаган.

Зеленский Эрон раҳбариятини ҳам Россияга дрон етказиб бераётгани учун танқид қилган. Унинг айтишича, Украина Эрон билан можарода эмас, бироқ айнан Эрон дронлари Украина шаҳарларига ҳужумларда қўлланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Эроннинг собиқ валиаҳд шаҳзодаси, сургундаги сиёсатчи Ризo Паҳлавий билан учрашгани ҳақида хабар берилган ди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Мюнхен хавфсизлик конференцияси Владимири Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг