Pfizer вакцинаси синовида олти киши вафот этгани маълум бўлди
Олам
−
09 Декабрь 2020
5220Американинг Pfizer компанияси ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқилган COVID-19 вакцинаси синовларида олти киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) ҳисоботида келтирилган.
10 декабрга белгиланган вакцинадан фойдаланишни тасдиқлаш бўйича йиғилиш олдидан АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) томонидан эълон қилинган ҳужжатга кўра, вафот этган кўнгиллиларнинг тўрт нафарига плацебо, икки нафарига вакцинанинг ўзи юборилган.
Ҳисоботда синовлар даврида олтита ўлим ҳолати кузатилгани (эмланган гуруҳда иккита ўлим, плацебо гуруҳида тўртта ўлим) қайд этилган. Вафот этганларнинг ярми 55 ёшдан ошган, барчасининг соғлигида муаммолар бўлган.
Вакцинани ишлаб чиқувчилар томонидан FDA’га берилган маълумотларга кўра, биринчи ўлим вакцинанинг илк дозасидан уч кун ўтгач қайд этилган. Бемор атеросклероз ва семизликдан азоб чеккан. Улардан бирига вакцинанинг иккинчи дозаси юборилгач, 62 кун ўтиб юрак тўхташи кузатилган ва уч кундан сўнг вафот этган. Плацебо қабул қилганларнинг икки нафари юрак хуружидан вафот этган. Яна икки кўнгиллининг ўлими сабаблари аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Pfizer ва BioNTech компаниялари улар ишлаб чиққан BNT162b2 вакцинаси 90 фоиз самара кўрсатгани ҳақида маълум қилганди. Кейинроқ бу кўрсаткич 95 фоизга чиқарилди.
Кейинчалик, Буюк Британия Pfizer (АҚШ) ва BioNTech (Германия) компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши BNT162b2 вакцинасини оммавий қўллашга рухсат берди ва бу борада Европадаги биринчи давлатга айланди.