Песков Путиннинг Донбассга бориши масаласига ойдинлик киритди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин вақти келганда Украинанинг эгаллаб олинган Донбасс минтақасига ташриф буюради. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

“Президентнинг сафарига келсак, вақти келса, бундай сафар ҳам бўлишига шубҳа қилмайман”, дейди Песков.

Шунингдек, у Россиянинг Донбассни ривожлантириш бўйича катта режалари борлигини таъкидлаган.

“Кўряпсизми, қурилиш ишлари олиб борилмоқда, янги объектлар пайдо бўлмоқда. Xаётни таъминлашнинг барча тизимлари, жумладан, сув қувурлари ва электр таъминотини тиклаш бўйича фаол ишлар олиб борилаяпти. У ерда минглаб одамлар ишлаяпти”, дея қўшимча қилган Кремль матбуот котиби.

Қайд этиш керакки, Россия Донбасс минтақасидаги икки украин вилоятидан биттасини – Луганскни тўлиқ назоратига олган. Донецк вилоятини эгаллаш ишлари жуда секин давом этмоқда, деярли тўхтаб қолган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг