“Передозировка” бўлган – Вазир мактаб ва боғчаларда болалар заҳарланганини тан олди

Саломатлик

image

Мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда болаларга тарқатилган йод препаратини истеъмол қилган болаларда кузатилган ножўя ҳолатлар “передозировка” ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хатони тан олади. Бу ҳақда вазир Амрилло Иноятов бугун, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида 2023 йилнинг уч чорагида амалга оширилган ишлар бўйича берган ҳисоботида айтиб ўтди. 

“Яқинда бўлиб ўтган “антиструмин воқеаси”да вазирлик бунинг 100 фоиз “передозировка” эканини тан оляпти”, дейди Иноятов.

Унинг алоҳида урғулашича, айнан антиструмин дори воситаси билан боғлиқ бўлган барча масъул ходимлар айни вақтда қонун олдида жавоб беришни бошлаяпти ва “жавоб беради ҳам”. 

“Тан олиб айтаман, биз кеч билганмиз, бу хатомиз ва такрорланмаслигини алоҳида айтиб ўтмоқчиман”, дейди вазир. 

У сўзида давом этаркан, тиббиёт соҳасини бошқариш оғирлиги, масъулият юқорилиги ва ҳатто, биринчи ўринбосар лавозимида ишлаб юрган давридан ҳозирги масъулият орасида ер билан осмонча фарқ борлигини айтиб, депутатлардан фаолиятида ёрдам сўраган. 

Антиструмин иши

Жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб, ҳар чоршанба куни барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида йод препаратларининг бепул тарқатилиши йўлга қўйилган эди. Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори имзоланган ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 15 сентябрда эълон қилинган. Аммо атиги 5 кунда таъминланган қарор ижроси 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган мактаб ва боғча болаларида оммавий заҳарланишга сабаб бўлди. Наманганда 71 нафар бола йоддан заҳарланди. Худди шундай вазият Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ҳам такрорланди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги йоддан заҳарланиш сифатида фақат Намангандаги ҳолатни тан олди, холос.

Намангандаги ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Ўша вақтда эса масалани атрофлича ёритиш, суриштирувлар ўтказишни мақсад қилган журналистларга вазир ёрдамчиси "чуқурлашмаслик"ни, саволларга жавоб бермаслик бўйича топшриқ Президент Администрациясидан берилганини айтиб, оммавий ахборот воситалари фаолиятига таъсир ўтказмоқчи бўлди. Вазирлик Президент Администрациясидан бундай топшириқ берилмаганини айтиб чиқди-ю ўзини вазир ўринбосари деб таништирган шоввоз вазирликка қандай алоқаси борлиги, қайси лавозимда ишлаши ва унга бу тарзда гапириш ҳуқуқини ким бергани, ёлғон маълумот тарқатгани учун қандай чора кўрилганига аниқлик киритмади. 

Бу орада ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъсисчилигидаги “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ “Антиструмин” йод препаратини етказиб бериш эвазига “Само” МЧЖ билан жами 21 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг расми тарқалди

Ҳужжатга кўра, ССВ таъсисчилигидаги ташкилот калий йодид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июнь ойида “Само” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган.

“O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ 2023 йил 4 майда яна мазкур дори воситасини харид қилиш учун “Само” МЧЖ билан 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд 875 млн сўм маблағ эвазига “Само” МЧЖ 3 млн 550 минг миқдорда “Антиструмин” етказиб бериши кўрсатилган.

Маълумотларга кўра, “Антиструмин” дори воситасини харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартномалар тўғридан-тўғри тузилган.

АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати расмий сайтида “Само” МЧЖ раҳбарининг қидирувда экани тўғрисидаги маълумот эълон қилинган

Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мактаблар ва болалар боғчаларига “Антиструмин” препаратини етказиб бериш бўйича кўп миллиард долларлик тендерда ғолиб чиққан МЧЖ асосчиси Нодир Юнусовга одам савдоси, мажбурий меҳнат, фирибгарлик ва коррупцияга учраган ташкилот тузиш айбловлари қўйилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан ССВнинг Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати баёнот берди.

Маълум қилинишича, ССВ ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси томонидан “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “САМО” МЧЖ корхонасининг фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Амрилло Иноятов йод Антиструмин иши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made