“Сукут сақлаш топширилган!” Вазир ёрдамчисидан матбуот котибларигача Иноятовни ҳимоя қиляптими?
Жамият
−
26 Сентябрь 2023
17054Ижтимоий тармоқларда ўзини соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг ёрдамчисиман, деб таништирган шахснинг бино ташқарисида тўпланиб турган журналистларга боғча ва мактаб болаларининг оммавий заҳарланиши бўйича сукут сақлаш топширилганини айтган видеоси тарқалди.
Вазир ёрдамчиси журналистларга “Президент администрациясидан телефон бўлгани ва бу тўғридаги саволларга жавоб бериш тақиқлангани”ни маълум қилган.
Журналистлар “Биз нима қилишимиз керак? Сукунат сақлашимиз керакми? Матбуот котибингиз кеча гуруҳда “Фақат сукут” деб ёзди. Болалар касалланаётган пайтда, сукут сақлаб бўлмайди!” дея вазир ёрдамчисининг гапларига эътироз билдирган.
Журналистларнинг Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбаридан тортиб вазиргача вазиятни очиқламаётгани, болаларнинг заҳарланиши ҳақида бирор гап айтмаётгани тўғрисидаги норозиликларига вазир ёрдамчиси “Ўзингиз учун бўлса, диктофон ва камерасиз "луббой" саволингизга жавоб берадилар”, дея қўшимча қилган.
Бундан ташқари, у айни пайтда бериладиган интервью эътирозларни яна қўзғатиб юборишига ҳам ишора қилган.
Шундан сўнг, Наманган вилояти ССБ матбуот котиби Феруза Атаханова ҳам жараёнга аралашиб, ҳозирги ҳолатда масъулларнинг саволларга жавоб бериши учун вақт талаб қилинаётганини билдирган.
У журналистлардан "Иноятов(Соғлиқни сақлаш вазири)нинг вазиятни ўрганиб олишига, бу масалага ойдинлик киритишига вақт бериши"ни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Чуст туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.
Наманганда содир бўлган воқеа ортидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг кўрсатмаси билан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилганди.
Шундан сўнг, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Наманганда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Чуст туманида болаларнинг оммавий заҳарланишига дори воситаси сабаб бўлмаганини айтган.
23 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ҳам кўплаб болалар заҳарланиб, шифохонага олиб келинган. Ижтимоий тармоқларда Сергели туманидаги шифохоналардан бирида олингани айтилаётган видео тарқалган эди.
Шунингдек, Намангандаги ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь