Болаларнинг заҳарланиши юзасидан “сукут сақлаш” бўйича топшириқ бўлмаган – ССВ
Жамият
−
26 Сентябрь 2023
9441Аввалроқ ўзини соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг ёрдамчисиман, деб таништирган шахс журналистларга Президент Администрациясидан Чустдаги болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича сукут сақлаш буюрилганини маълум қилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
“Ушбу маълумот ҳақиқатдан йироқ, Президент администрациясидан бундай топшириқ бўлмаган”, дейилади вазирлик муносабатида.
Масъуллар ўз навбатида, болаларда аниқланган ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ва тегишли ташкилотлар томонидан текширув ишлари давом эттирилаётганини эслатган ҳолда мавзуга доир савол ва мурожаатлар учун очиқлиги, ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Бироқ журналистларга ўзини Иноятовнинг ёрдамчиси сифатида таништирган шахснинг нега айнан бу гапларни гапиргани ҳақида маълумот берилмаган. Ҳатто унинг шахси ва вазирликда қандай лавозимда ишлаши ҳам очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Чуст туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.
Наманганда содир бўлган воқеа ортидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг кўрсатмаси билан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилганди.
Шундан сўнг, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Наманганда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Чуст туманида болаларнинг оммавий заҳарланишига дори воситаси сабаб бўлмаганини айтган.
23 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ҳам кўплаб болалар заҳарланиб, шифохонага олиб келинган. Ижтимоий тармоқларда Сергели туманидаги шифохоналардан бирида олингани айтилаётган видео тарқалган эди.
Шунингдек, Намангандаги ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.