Чустдаги болаларнинг заҳарланишини Иноятов назоратга олди
Жамият
−
22 Сентябрь 2023
7297Наманган вилоятининг Чуст туманида мактабгача таълим ташкилотидаги болалар билан содир бўлган заҳарланиш ҳолати шахсан Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томонидан қатъий назоратга олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча керакли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
“Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Билдирилишича, айни пайтда болаларнинг ҳолати қониқарли, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун “QALAMIR.UZ” Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланди. Унинг маълум қилишича, ҳозирда у ҳолатни ўрганиш мақсадида Наманган вилоятига етиб борган.
“Мен ҳозир ҳар бир бемор ва уларнинг ота-оналари билан гаплашяпман”, дейди вазир ўринбосари.
Маълумот учун, кеча, 21 сентябрь куни Чуст туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар туфайли болаларнинг 9 нафари соғломлаштирилиб, уйига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганди.