Ота-оналар диққатига: Тошкентда болалар орасида ЎРВИ тарқалиши кучайди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниши кўпайди. Бунинг оқибатида пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар ҳам ортган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, бугун, 23 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов мазкур масала юзасидан йиғилиш ўтказган. Унда Тошкент шаҳридаги барча клиник шифохоналар раҳбарлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари иштирок этган.

Вазир шифохоналарга тушаётган юкламаларни тезда камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўриш бўйича масъулларга шошилинч топшириқлар берган.

Жумладан, Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш белгиланган.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳароратининг кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли “103” хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилган.

Бундан ташқари, жорий йил 25 ноябрдан  вазирлик томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 29 та тўлиқ жиҳозланган “Isuzu” русумдаги автомашиналари тиббий бригадалар билан доимий фойдаланиш учун ажратилиши айтиб ўтилган.

Айтилишича, пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 72 та оилавий поликлиникада эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача бўлган муддатда чақирув бўйича тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилди. 

“Мазкур бригадалар “103” хизмати ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, уйда қолдирилган ёки шифохонага ётқизилмасдан уйга қайта олиб келинган ва амбулатор шароитда даволанаётган беморлар рўйхати аниқланиб, кўрсатма асосида онлайн ва жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда. 

ССВнинг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистонда ЎРВИ касаллигига чалиниб, шифохоналарда даволанаётган беморларнинг маълум қисми стационар давога муҳтож эмас. 

“Шу сабабли йиғилишда оилавий поликлиника шифокорларига ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган беморларни амбулатор шароитда даволаш бўйича зарур тавсиялар бериш учун ихтисослаштирилган марказлардаги педиатрлар ва барча тор доирадаги мутахассислар жалб этилиши лозимлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, бирламчи тизимдаги кундузги стационарларда касалликка чалинган болаларнинг кузатувини олиб бориш, зарур бўлганда шу ернинг ўзида керакли даво муолажаларини амалга ошириш бўйича ҳам тегишли вазифалар белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Амрилло Иноятов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг