“Антиструмин” ишлаб чиқарган корхона фаолияти текшириляпти
3-саҳифа
−
25 Сентябрь 2023
12838Ижтимоий тармоқларда дастлаб Наманган вилоятининг Чуст туманида, кейин эса республиканинг бошқа ҳудудларида боғча болалари ва мактаб ўқувчиларининг заҳарланишига сабаб бўлган йод халқаро қидирувдаги шахс раҳбарлигидаги МЧЖ томонидан тарқатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати расмий сайтида “Само” МЧЖ раҳбарининг қидирувда экани тўғрисидаги маълумот эълон қилинган.
Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мактаблар ва болалар боғчаларига “Антиструмин” препаратини етказиб бериш бўйича кўп миллиард долларлик тендерда ғолиб чиққан МЧЖ асосчиси Нодир Юнусовга одам савдоси, мажбурий меҳнат, фирибгарлик ва коррупцияга учраган ташкилот тузиш айбловлари қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ССВнинг Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати баёнот берди.
Маълум қилинишича, ССВ ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси томонидан “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “САМО” МЧЖ корхонасининг фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.
“Текширув давомида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, жумладан зарур ишлаб чиқариш амалиёти, зарур дистрибюторлик амалиёти, зарур сақлаш амалиёти давлат стандартларига, дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва улгуржи реализация қилиш доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиш ва корхона томонидан мажбурий риоя қилиш шарт бўлган лицензия талаб ва шартлари бўйича ҳолатлар ўрганилмоқда”, дейилади хабарида.
Шунингдек марказнинг аккредитациядан ўтган лабораториялари томонидан “Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”га мувофиқ, “Антиструмин” дори воситасининг хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ўрнатилган тартибда таҳлил жараёнлари кетмоқда.
“Шу ўринда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази кенг жамоатчиликка мурожаат қилиб, тегишли ташкилотлар томонидан ушбу дори воситаси билан боғлиқ ҳолат сабаблари аниқланиб, маълум қилинмагунча, асосланмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраб қолади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Наманган вилоятида 71 нафар болада заҳарланиш аломатлари кузатилган ва шифохонага олиб келинган. 22 сентябрда эса Андижон вилоятида ҳам 12 нафар болада заҳарланиш аниқланган. 23 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ҳам кўплаб болалар заҳарланиб, шифохонага олиб келинган.
Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг заҳарланиши ҳолатидан хабар топиб, бундан қаттиқ ташвишдалигини билдирганди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг кўрсатмаси билан эса мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди.